6 май ҳолатига кўра, Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида «Манас» достонини ўқиш мусобақасида иштирок этганларни мини юк машинаси уриб юбориши оқибатида жабрланган 19 нафар мактаб ўқувчиси шифохоналарда қолмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиевга таяниб, 24.kg нашри хабар берди.
Вазирнинг аниқлик киритишича, Бишкек шифохонасида махсус рейс билан олиб келинган ўн киши бор. Улардан уч нафари операция қилинган, аҳволи барқарор – ўртача оғир. Бейшеналиевнинг сўзларига кўра, тўрт нафар бола реанимацияга ётқизилган, қолганлари тиббиёт муассасаси бўлимларига ўтказилган.
«Жалолободдаги касалхонада тўққиз нафар бола даволанмоқда, улардан беш нафарининг аҳволи ўртача оғир, қолганларининг аҳволи қониқарли, бир нафари соғайгач, уйига жўнатилган. Қолганларнинг барчаси консерватив даволанмоқда. Бу масала назорат остида», — дея қўшимча қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари.
Таъкидлаш жоиз, 4 май куни Сузоқдаги воқеа фонида маҳаллий туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, унинг ўринбосари, шунингдек, болалар тадбири бўлиб ўтаётган ҳудудга хизмат кўрсатувчи Октябрь қишлоғи Ички ишлар бўлими бошлиғи ишдан бўшатилгани хабар қилинганди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган мусобақада хавфсизликни етарли даражада таъминламаган 12 нафар ИИВ ходими интизомий жавобгарликка тортилган.
Эслатиб ўтамиз, фақвулодда ҳолат 2 май куни содир бўлган. Ҳайдовчисиз Hyundai Porter мини-юк машинаси тепаликдан пастга ҳаракатланиб, асосан 9 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар билан тўла ўтовни уриб кетган. Дастлаб 29 та бола жарблангани ҳақида хабар берилган, кейинчалик уларнинг сони 35 кишига етган.
Ҳайдовчи ўқувчилар учун музқаймоқ олиб келганини, бироқ уни қаерга етказиб беришни аниқлаш учун мактаб директорига қўнғироқ қилиш мақсадида кабинадан тушганидан сўнг машинаси ҳаракатлана бошлаганини тушунтирган. У буни жуда кеч пайқаб қолган ва юк машинасини қувлаб етолмаган.
Ҳайдовчига нисбатан республика Жиноят кодексининг 312-моддаси («Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан иш қўзғатилган. Гумонланувчи вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган, кейинчалик уй қамоғига олинган.