Тошкентда АҚШ етакчи компаниялари ва банклари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2024 йили Тошкентда АҚШ етакчи компаниялари ва банклари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияни қабули чоғида келишувга эришилди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда Air Products, CNH Industrial ва Silverleaf компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этишди. Томонлар Америка бизнесининг Ўзбекистондаги иштирокини кенгайтириш, молиявий воситалар ва механизмларни ривожлантириш бўйича илғор тажрибаларни жорий этиш, шунингдек, турли соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларини муҳокама қилдилар.

Учрашув Тошкент халқаро инвестиция форуми дастури ва Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти тадбирнинг бошқа иштирокчиларини ҳам қабул қилди. Жумладан: Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган Россия Президентининг ёрдамчиси Максим Орешкин, БМТ Бош котиби ўринбосари, Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан, БАА Иқтисодиёт вазири Абдулла бин Ал Марри, Уммон Султонлиги Савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуф, Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарлари ва бошқа меҳмонлар.

Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида мазкур тузилманинг устувор йўналишларини белгилаб берди:

👉 капитал бозорини ривожлантириш;

👉 масъулиятли иш юритиш;

👉 муқобил инвестицияларни рағбатлантириш;

👉 инвесторлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш.

Ушбу соҳаларда ишлаш учун Хорижий инвесторлар кенгаши ҳузурида ишчи гуруҳ тузилади. Ҳукуматга инвесторларнинг барча ташаббус ва тавсияларини атрофлича кўриб чиқиш ҳамда уларнинг амалий ижросини назоратга олиш топширилди. Мирзиёев ҳар бир таклиф ва ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида «йўл харитаси» қабул қилиш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ