Қозоғистонда собиқ полиция бошлиғи ҳибсдаги аёлни зўрлагани учун 11 йилга қамалди

Марат Қўштибаев. zhetysu.gov.kz сайти фотосурати

Толдиқўрғон (Қозоғистон жануби-шарқидаги шаҳар) полициясининг собиқ бошлиғи Марат Қўштибаев аёлни зўрлашда айбланиб, 11 йилга қамалди. Бундай қарор Толдиқўрғон шаҳар суди томонидан қабул қилинди, дея хабар беради КазТАГ.

Қўштибаев Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 120-моддаси 2-қисми (шахс томонидан хизмат вазифасини бажараётганда жабрланувчига нисбатан зўрлик ишлатиб уни зўрлаш) билан айбдор деб топилган. Белгиланган муддатга қўшимча равишда у «полиция полковниги» махсус унвонидан, шунингдек, давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Толдиқўрғон ички ишлар бўлими бошлиғи Марат Куштибаевнинг қўлга олингани 13 ноябрь куни маълум бўлганди. Хабар берилишича, у 27 ёшли ҳибсдаги аёлни зўрлаганликда гумон қилинган. Қизнинг адвокатига кўра, у жамоат тартибини бузганликда айбланиб, ички ишлар бўлимига келтирилган. Аёл терговчининг кабинетида бўлганида, уни бошлиқ хонасига чақиришган.

«Жабрланувчи бошлиқ кабинетига кирганида содир бўлган воқеани бўйича ўзини оқлай бошлайди. Уни диққат билан тинглаган полиция бошлиғи ёрдам беришга ваъда беради. «Сенга ўхшаган гўзал қизга протокол тузмайман» дея унга тегажоқлик қилиб, жинсий алоқага мажбурлаган», — дейди адвокат.

Ушбу воқеадан сўнг, Қўштибаевнинг бевосита раҳбарлари — Жетису вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари ишдан бўшатилган.

Қуштибаев 2022 йилдан буён Толдиқўрғон шаҳар ички ишлар бўлимини бошқариб келган. У узоқ йиллар Талгар тумани, Или тумани ва вилоят маъмурий полиция хизматида ишлаган, 2019 йили Олмаота вилояти маҳаллий полиция хизмати бошлиғи этиб тайинланган.

Собиқ полициячи устидан суд жараёни 28 февраль куни ёпиқ эшиклар ортида бошланган.

Бир неча йил аввал Қозоғистон ҳукумати Ички ишлар вазирлигида кенг кўламли ислоҳот ўтказган эди. Унда полиция ходимлари 10 фоизга қисқартирилган, қолганларининг маоши оширилган. Кадрлар тайёрлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилиб, ИИВ таълим муассасалари сони қисқартирилган. Ушбу ислоҳот ИИВ нуфузини тиклашга қаратилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ