Ўзбекистон «саноат витаминлари»ни қазиб олиш лойиҳаларига $500 млн жалб қилишни режалаштирмоқда

KVARTO.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев камёб металларни қазиб олиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 500 миллион доллар жалб этиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқ берди, чунки бу соҳа истиқболли ҳисобланади. Тегишли режалар 29 апрель куни геология ва тоғ-металлургия саноатига бағишланган йиғилишда муҳокама қилинди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қолаверса, камёб металлар бўйича дастур яратиш масъул идораларга топширилди. Президент бу ишга хорижий экспертлар ва инвесторларни, етакчи институт ва илмий марказларни жалб этишни таклиф қилди.

Йиғилишда технология ривожи туфайли электромобил ва электротехника саноатида фаол фойдаланилаётган камёб металларга, «яшил» энергияга талаб кескин ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Сўнгги йилларда кузатилган молибден, теллур, селен ва графит нархларининг ошиши шу билан изоҳланади.

Ҳозирда Ўзбекистонда 6 турдаги шундай маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бунга қўшимча платина, индий, ванадий металлари ҳамда вольфрам, молибден, рух, марганец каби минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш имконияти бор. Масалан, авваллари ўзимизда бўлмаган кукун металлургиясида йилига 300 миллион долларлик, ускуналар ва бутловчи қисмлар йўналишида 100 миллион долларлик қиймат яратиш мумкин.

Мирзиёев таъкидлагандек, яқинда Европа Иттифоқи билан муҳим минераллар бўйича эришилган келишув бу борада катта бозор очади.

Шу билан бирга, қимматбаҳо металлар ҳақида ҳам унутмаслик керак – йиғилиш иштирокчилари Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК)да олтин қазиб олишни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Президент корхонада маҳсулот таннархини 10-15 фоизга арзонлаштириш, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, қимматбаҳо металлар бўйича илғор технологиялар илмий марказини ташкил этиш вазифасини қўйди.

Геология соҳасига ҳар йили давлатдан бир триллион сўм (80 миллион долларга яқин) йўналтиради.

2023 йил якунига кўра тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 11 миллиард долларга етган.

Бироқ, экспертлар таъкидлаганидек, кўрсаткичлар асосан қимматбаҳо ва рангли металлар йўналиши ҳисобига шакллантирилмоқда, гарчи мамлакат саноат учун муҳим бўлган фойдали қазилмаларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш салоҳиятига эга. Жумладан, республика ҳудудида 32 турдаги ана шундай фойдали қазилмаларнинг конлари топилган.

ℹ️ Камёб металлар ўхшаш хусусиятларга эга бўлган 17 та кумуш-оқ элементлардан иборат бўлиб, улар, хусусан, лантан, итрий, неодимий, цезий, европий, скандийни ўз ичига олади. Улар кўплаб замонавий электрон қурилмаларни ишлаб чиқаришда муҳим компонентлар ҳисобланади. Улар автомобиль саноатида, жумладан, ҳарбий техникада кенг қўлланилади, чунки улар металл конструкцияларнинг хизмат қилиш муддатини ошириши мумкин. Бундай металлар «саноат витаминлари» деб аталади, чунки уларнинг қотишма ва бошқа бирикмалардаги оз миқдори ҳам уларнинг параметрларини сезиларли даражада яхшилайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ