Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги Зағамбар қишлоғида вояга етмаган қиз зўрланганидан сўнг тартибсизликлар юз берди, деб хабар беради ORDA.kz.
Бу ишда гумонланувчи жабрланувчи қизнинг тенгдоши ҳисобланади. Воқеа маҳаллий аҳоли орасида кенг резонансга сабаб бўлган. Интернетда қишлоқ аҳолиси гумонланувчининг оиласига тегишли сарой ва машинага ўт қўйгани, шундан сўнг Зағамбарга қўшимча полиция етиб келгани ҳақида хабарлар тарқала бошлаган.
«Бировнинг мулкини қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш бўйича жиноий иш қўзғатилди. Барча ҳолатларга ойдинлик киритилмоқда. Полиция тезда гумондорларни қўлга олиб, бўлимга олиб борган. Қурбон бўлган ва жабрланганлар йўқ», — дея мақолада Туркистон вилояти полиция бошқармаси изоҳи келтирилади. Полиция бошқармаси қанча одам ҳибсга олинганига аниқлик киритмаган.
Можаролар такрорланмаслиги учун қишлоқда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари навбатчилик қилишмоқда. Гумонланувчининг уйи қўриқланишга, ўзи эса ҳибсга олинган.
«Время» газетасининг ёзишича, жабрланувчининг отаси 23 апрель куни кечқурун 9-синфда ўқиётган 16 ёшли қизининг зўрлангани юзасидан полицияга ариза билан мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, жиноят январь ойида 10-синф ўқувчиси, шунингдек, вояга етмаган гумонланувчининг уйида содир бўлган.
Ишнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган. Буни Туркистон вилояти полиция бошқармаси бошлиғи Мурат Кабденов шахсан ўзи назоратга олгани маълум. Айни вақтда Otyrar нашри таъкидлашича, вилоят раҳбари Дархон Сотибалди Зағамбарга келган.
Зағамбар қишлоғи Туркистон вилоятининг Тўлеби туманида, туман маркази Ленгер шаҳридан етти километр узоқликда жойлашган. Қозоғистон матбуотига кўра, қишлоқда 5,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг аксарияти ўзбеклардир.