Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон 23 апрель куни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Дипмиссиянинг аниқлик киритишича, Кэмерон Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказишни режалаштирган. Томонлар асосий масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизлик ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ вазият бўйича яқин ҳамкорликни муҳокама қиладилар. Бундан ташқари, вазирлар Британиянинг таълим, савдо ва бизнес алоқаларини ривожлантиришда кўпроқ иштирок этиши мавзусини кўриб чиқадилар.
Кэмерон Марказий Осиёга расмий ташрифи доирасида барча беш постсовет республикаси ва Мўғулистонга бориш ниятида. Европа давлати Ташқи ишлар вазирлиги вакилларининг таъкидлашича, сиёсатчининг ушбу сафардан асосий мақсади иқтисодиёт ва таълим соҳаларидаги шериклик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, минтақа давлатлари мустақиллигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишдир.
Ўзбекистон матбуотига кўра, Тошкентга охирги марта ташриф буюрган Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Малкольм Рифкинд бўлган. Унинг ташрифи 1997 йили бўлиб ўтган.
ℹ️ Дэвид Кэмерон — британиялик сиёсатчи, узоқ йиллар Консервативлар партияси етакчиси бўлган. 2010—2016-йиллари Буюк Британия Бош вазири лавозимида ишлаган. Ўтган йил ноябрь ойидан буён Ташқи ишлар вазирлигини бошқариб келмоқда.