Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Садир Жапаров 19 апрель куни мамлакатлар ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги битимни имзоладилар, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири. Маросим Оқўрдада икки давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгаш йиғилишидан сўнг бўлиб ўтди.
Тўқаев аввалроқ 19 апрель куни ушбу ҳужжатни тилга олиб, уни «тарихий» деб атади.
«Бугун биз қозоқ-қирғиз муносабатлари ривожига янги суръат бахш этадиган тарихий ҳужжат – Иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги шартномани имзолаяпмиз. Халқда шундай гап бор: «Қырғыз бен қазақтай бір-біріне жақын халық жоқ»», — дея Қозоғистон президентининг сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.
Тўқаев, шунингдек, томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2023 йили белгиланган 1,5 миллиард доллардан 2 миллиард долларгача ошириш ниятида эканини маълум қилди.
Садир Жапаров, ўз навбатида, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида «ҳеч қандай сиёсий ёки минтақавий тафовутлар йўқлигини» таъкидлади.
«Қозоғистон бизнинг яқин қўшнимиз, қардош давлат ва асосий савдо ҳамкорларимиздан биридир. Қозоғистон ташқи сиёсатимиздаги устувор йўналишдир», — дея таъкидлади Қирғизистон раҳбари ва республика қозоқ халқига сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканини қўшимча қилди.
Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатларда чегара назорати билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Қирғизистон юклари қўшни республика расмийлари тушунтиришсиз текширишни кучайтирган пайтлари (ҳар икки давлат ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишига қарамай, товарларнинг эркин ҳаракатланиши тамойили амал қилади) Қозоғистон билан чегарада мунтазам равишда ушланиб қолган.
Шундай эпизодлардан бири ўтган август ойида Қирғизистон ўз қўшниларига Киров сув омборидан суғориш сувини етказиб беришни чеклаб қўйганидан сўнг, натижада Қозоғистон жанубидаги қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий зарар етказганидан сўнг содир бўлди. Чегарада тирбандлик кучайиб бораётгани сабаб, Қирғизистон ҳатто Қозоғистонни четлаб ўтган ҳолда Россияга чиқиш учун жанубий транспорт коридорини ривожлантиришни таклиф қилганди.
Бугун имзоланган иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш тўғрисидаги битимга келсак, ушбу ҳужжат лойиҳаси аввалроқ «Очиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» порталида эълон қилинган ва ТАСС агентлиги уни кўриб чиққан. Ҳужжатда, жумладан, ҳарбий таҳдид юзага келганда мамлакатларнинг биргаликда ҳаракат қилиши кўзда тутилган. Унда айтилишича, ҳар икки давлат ҳудудлари ва ресурслари «бошқа аҳдлашувчи томонга қарши тажовуз ёки бошқа душманлик ҳаракатларини тайёрлаш ёки амалга ошириш мақсадида» фойдаланилмаслиги лозим.
Шартнома, шунингдек, «товар, хизматлар ва инвестицияларнинг ўзаро ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлатлар ҳудудларида ҳимоя қилиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали» икки мамлакат иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашни назарда тутади.