Футзал бўйича Қирғизистон терма жамоаси Осиё кубогининг амалдаги ғолибини мағлуб этди

Қирғизистонлик футзалчилар. Қирғизистон футзал ассоциацияси матбуот хизмати фотосурати

Футзал бўйича Қирғизистон терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичининг биринчи турида қитъанинг амалдаги чемпиони Япония терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.

Айни пайтда Қирғизистон терма жамоаси жаҳон рейтингида 51-ўринда турган кучли ўрталик жамоаси саналади. Япония Осиё Кубогининг амалдаги ғолиби ва рейтингда 12-ўринни эгаллаб турибди, шунинг учун ғалабани сенсацион деб ҳисоблаш лозим.

Қирғизистонлик футзалчилар учрашувни ўта шиддатли бошладилар ва юқори босим билан рақибларини прессинг қилишди. Японлар қарши ҳужумга ўтишга ҳаракат қилишди ва гол уриш учун яхши имкониятларга эга бўлишди. Бироқ айнан қирғизистонликлар ҳисобни очишди. 8-дақиқада Самат Жанат Уулу гол урди. Иккинчи бўлим бошида Мақсат Алимов ҳисобдаги фарқни оширган бўлса, 29-дақиқада Қайрат Кубаничев учинчи тўпни рақиб дарвозасига йўллади. Учрашув якуни японияликларнинг ихтиёрида қолди ва улар иккита гол уришга муваффақ бўлишди. Юсея Араи ва Юта Цуцуми гол урди.

С гуруҳининг параллел ўйинида Тожикистон терма жамоаси Жанубий Кореяни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Катта футболдан фарқли ўлароқ, жанубий кореяликлар футзал бўйича етакчи эмас, шу боис тожикистонликларда алоҳида муаммолар бўлмаган.

Иккинчи турда 20 апрель куни С гуруҳи доирасида Марказий Осиё дербиси бўлиб ўтади: Қирғизистон – Тожикистон.

Эслатиб ўтамиз, биринчи турда Австралияни 3:2 ҳисобида мағлуб этган Ўзбекистон терма жамоаси ҳам мусобақада иштирок этмоқда. 19 апрель куни иккинчи турда ўзбекистонликлар Ироқ билан тўқнаш келишади.

17-28 апрель кунлари Таиландда футзал бўйича Осиё кубоги бўлиб ўтади. Мусобақада 16 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккита энг яхши жамоа плей-офф босқичига йўл олади. Ярим финалчилар 2024 йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ