Ташиев Қирғизистон парламентини коррупционер депутатлардан тозалашга ваъда берди

Қамчибек Ташиевнинг Жогорку Кенешдаги чиқиши. kloop.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев коррупционер депутатлардан қутулиш учун республика Жогорку Кенешида (парламент) тозалаш ишларини олиб боришга ваъда берди. Генералнинг қўшимча қилишича, бу жараён бошланган ва келажакда ҳам давом этади, дея унинг сўзларини келтиради Kaktus.media нашри.

Ташиев Жалолобод вилоятида ўз бўлими ходимларига янги хонадонлар калитини топшириш маросимида ушбу масалани кўтарган. Унинг таъкидлашича, Жогорку Кенешга инсофсиз шахслар келиб қолган ва ҳозирда бундай давлат амалдорларидан тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

«Номзодлар пулим, таниш-билишларим кўп ёки юқори мартабали қариндошларим бўлса, депутат бўла оламан, дея ҳомхаёл бўлишмасин. Парламентга халққа хизмат қилишга тайёр одамлар, ўз юртининг ватанпарварлари келиши керак», — деди махсус хизмат раҳбари.

МХДҚ раҳбари сўнгги пайтларда беш-олти киши депутатлик ваколатларини тарк этганини, уларнинг бир қисми ўз ихтиёри билан кетганини эслатди. Ташиевга кўра, парламент аъзоларининг бундай хатти-ҳаракатига хавфсизлик кучларининг уларга ўз хатоларини кўрсатиб қўйгани сабаб бўлган.

«Биз тарк этмаганларни қонун доирасида жавобгарликка тортамиз»,дея таъкидлади генерал.

ℹ️ Қирғизистон ОАВларининг ёзишича, жорий йил бошидан буён Искандар Матраимов, Нурлан Разҳабалиев, Абдибаҳоб Бўронбаев ва Айбек Осмоновлар мандатларидан айрилган. Ҳозир судда Шайлообек Атазовни депутатлик мақомидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Аниқлик киритилишича, Жогорку Кенеш вакилларининг айримлари бир неча бор коррупция ва жиноий даромадларни легаллаштиришга оид жиноий ишларда иштирок этган Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов билан алоқадор бўлган.

Ўтган йил ноябрь ойида Ташиев амалдорлар орасида тозалаш ишлари олиб борилиши ҳақида гапирганди. Жумладан, у уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқаси бўлган 200 дан ортиқ давлат хизматчисини ишдан бўшатишини маълум қилганди. Шунингдек, МХДҚ раиси 2026 йилга бориб Қирғизистон криминалдан холи бўлишига ваъда берган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ