Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги сув тошқини пайтида одамларнинг ғойиб бўлиши билан боғлиқ еттита жиноий иш бўйича тергов олиб бормоқда. Бу ҳақда журналистларга ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев маълум қилди, дея хабар беради КазИнформ.
«Ҳа, афсуски, бундай ҳолатлар юз берган ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинган. Абай вилоятида икки киши ғойиб бўлган, Атирау вилоятида инсон жасадининг бир қисми топилган. Абай вилоятида қидирув ишлари давом этмоқда», — деди Кожаев Сенатдаги брифингда.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда зарур процессуал чоралар кўрилмоқда, уларнинг натижалари бу (одамларнинг бедарак йўқолиши- таҳр.изоҳи) қандай содир бўлганини ва бунда кимнингдир айби борми-йўқлигини аниқлаб беради.
Аввалроқ Атирау вилоятидаги сув тошқини оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани расман маълум қилинганди: 6 апрель куни Қулсарилик икки киши сув босган уйларини бориб кўриш учун тракторда йўлга чиқишган, бироқ трактор ариққа ағанаб кетган ва улар ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 6 апрель куни бир эркакнинг жасади, 14 апрель куни эса ўғлининг жасади топилган. Вилоят фавқулодда хизматлар маълумотларига кўра, улар эвакуация қилинган, бироқ мустақил равишда уйларини кўриб кўргани йўл олишган, деб эслатади Vlast.kz.
Ҳозирда республикада сув тошқини барқарор-шиддат билан давом этмоқда. 117,6 минг киши сув босган зоналардан эвакуация қилинган. Тошқиндан жабрланган ҳудудларга 4 минг тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами юборилган.