Қозоғистон сенаторлари аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Қозоғистон Сенати. senate.parlam.kz сайти фотосурати

Қозоғистон Сенати аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини икки ўқишда маъқуллади, деб ёзади ORDA.kz.

Ҳужжат қасддан баданга енгил шикаст етказиш ҳолати учун жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутади (Маъмурий Кодекснинг тегишли моддалари Жиноят кодексига қайтарилган). Қонун шунингдек, 106 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 107 (Соғликка қасддан ўртача оғирликдаги шикаст етказиш) моддалари бўйича эркинликни чеклаш жазоларини бекор қилади.

Яна бир муҳим янгилик шундан иборатки, ваколатли органлар оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлардаги зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарларга фуқароларнинг мурожаатларини кутмасдан жавоб бериш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний зўравонлик ва шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ жиноятларда томонларнинг ярашуви имконияти ҳам истисно қилинган. Вояга етмаган шахсни ўлдириш, вояга етмаганни зўрлаш, вояга етмаганга нисбатан жинсий тажовуз қилиш учун муқобил бўлмаган умрбод қамоқ жазоси жорий этилади.

Қонунда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилган шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 313-1-моддаси).

«Қонун маъқулланишидан кутилаётган натижалар болаларни тарбиялаш ва ва уларнинг ривожи учун хавфсиз муҳитни яратиш, болалар фаровонлиги ва хавфсизлиги учун ота-оналар масъулиятини кучайтириш, шунингдек, болалар ҳаётига зўравонлик ва хавф-хатарнинг турли шакллари олдини олишдан иборат», — дея Сенат депутати Нурлан Бекназаровнинг сўзларини келтиради нашр.

Ушбу ҳужжат Президент Қосим-Жомарт Тўқаев топшириғига биноан 2023 йил баҳоридан бошлаб ишлаб чиқилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ