Қирғизистонда қўлга олинган озарбайжонлик жиноий гуруҳ аъзолари Бокуга топширилди

Қўлга олинган шахсларни самолётга ўтқазиш. gknb.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Озарбайжон ҳукумати талабига биноан трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) аъзоси бўлган беш нафар озарбайжонни Бокуга жўнатди. Бу ҳақда МХДҚ матбуот хизмати хабар берди.

22 март куни Бишкекда Озарбайжон фуқаролари қўлга олинган. МХДҚ маълумотларига кўра, улар бир қатор ноқонуний хатти-ҳаракатларга алоқадор бўлган. Жумладан, улар Қирғизистон юқори лавозимдаги амалдорларининг ҳаётига суиқасд қилишга тайёргарлик кўрганликда гумон қилинмоқда. Улар мамлакатга 20 март куни етиб келишган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълум қилишича, қўлга олинганлар орасида 53 ёшли А.В.С., 40 ёшли Б.С.О., 42 ёшли А.М.О., 32 ёшли Б.Н.О. ва М.З.О бор.

Улар «ўзларининг жиноий таъсирини, жумладан, жиноий мафкурасини ёйиш ва кучайтириш, шунингдек, ўта оғир жиноят – буюртма асосида одам ўлдиришни содир этиш мақсадида келишган», — дейилади МХДҚ хабарида.

Қирғизистон хавфсизлик хизмати вакилларига кўра, қўлга олинганлар Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов билан алоқада бўлган. Маълумки, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Матраимов ва унинг ака-укалари Озарбайжонда ҳибсга олинган, сўнгра Қирғизистонга жўнатилган ва бу ерда тергов изоляторига жойлаштирилган.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлга олинган озарбайжонликларнинг жиноий гуруҳлар билан алоқаси борлигини тасдиқлайди. Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан келишилган ҳолда ва уларнинг илтимосига кўра, 7 апрель куни қўлга олинганлар халқаро аэропортга олиб борилган ва у ерда Озарбайжон ИИВ расмий вакилларига топширилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ