Тожикистонда 1 апрелдан бошлаб биноларни қуриш ва реконструкция қилишда уларни қуёш энергияси тизимлари билан жиҳозлаш ишлари олиб борилади. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати ҳузуридаги Архитектура ва қурилиш қўмитаси тегишли буйруқ берди, деб ёзади «Азия-плюс».
Буйруқга кўра, бинолар мунтазам электр тармоғидан ташқари тунги вақтда энергияни сақлаш имкониятига эга қуёш батареялари билан жиҳозланиши керак. Бу турли биноларни, жумладан таълим, тиббиёт, маданий, туристик, маъмурий, жамоат, спорт мажмуалари, турар-жой бинолари, ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, умумий овқатланиш шохобчалари ва ҳаттоки кўнгилочар боғлар, йўллар ва кўчаларни қамраб олади.
Давлат органлари лойиҳаларни кўриб чиқишда, шунингдек, биноларни қуриш ва фойдаланишга қабул қилишда буйруқ бажарилишини назорат қилади.
ℹ️ Тожикистон Гидрометеорология агентлиги маълумотларига кўра, республикада қуёшли кунлар сони йилига 260 дан 300 кунгача етади. Мамлакат Энергетика вазирлиги қуёш энергиясидан фойдаланиш салоҳияти йилига 3103 миллиард кВт/соатни ташкил этишини ҳисоблаб чиққан. Бу ҳажм Тожикистон аҳолисининг 70 фоизи истиқомат қилаётган ҳудудларда қишки электр энергияси тақчиллигини қисман қоплаш учун етарли бўлади.
Шу билан бирга, ҳозирда республикадаги барча электр энергиясининг қарийб 90 фоизи гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бироқ, уларнинг якуний энергия истеъмолидаги улуши 60% га етмайди. Қолганлари қазиб олинадиган ёқилғидан олинади. Аммо қуёш ва шамол энергиясининг умумий энергия балансидаги улуши 1% дан кам.
2020 йил кузида USAID кўмагида Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) Мурғоб шаҳрида қуввати 220 кВт бўлган қуёш электр станцияси ишга туширилди. Келажакда ушбу электр станция қувватини 1 мегаваттга (1000 кВт) ва ундан ҳам кўпроқ ошириш имконияти мавжуд.