Муқаддам давлатга хиёнат қилишда айбланиб, 10 йилга ҳукм қилинган қозоғистонлик синолог Константин Сыроежкин озодликка чиқди. Бу ҳақда қозоғистонлик сиёсатшунос Антон Морозов маълум қилди.
«Профессор Сыроежкин озод қилинди. Шартли равишда», — деб ёзган Морозов Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида олим билан кўчада биргаликда тушган суратини илова қилиб.
Эслатиб ўтамиз, Сыроежкин 2019 йил февраль ойида ҳибсга олинган эди. Жамоатчилик ҳибсга олингани ҳақида дарҳол билмаган — одамлар синолог (хитойшунос-тарж.изоҳи)ни конференцияга келмаганида билиб қолишади ва бир неча ойдан кейин Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси унинг давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсда олинганини тасдиқлайди. Сыроежкиннинг иши махфий бўлиб, суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Натижада олим ўн йиллик қамоқ жазосини қаттиқ режимдаги ахлоқ тузатиш муассасасида ўтказишга ҳукм қилинган.
Қамоқ муддати бошланганидан сўнг олим Zona.kz онлайн нашрида («Бепарво бўлмаган инсон ёзишмалари») бир нечта мақолаларни нашр этади. Уларда профессор терговчилар хитойлик ҳамкасбларининг илтимосига биноан очиқ манбалар асосида тайёрланган материалларни унинг «жиноий фаолияти» далили сифатида кўришганини ёзади. Мақолаларда ҳеч қандай инсайдер маълумотлар бўлмаган ва Қозоғистон миллий манфаатларига зарар етказиши мумкин эмасди.
Дунёнинг турли бурчакларидан икки юз нафар олим, журналист ва ҳуқуқ фаоллари Сыроежкинни қўллаб-қувватлаб, Қозоғистон раҳбариятига унинг озод этилишини сўраб мурожаат қилишган. Қамоқхонада ўтказган беш йил давомида синологнинг ўзи унинг ишига алоқадор судялар ва прокурорлар устидан ўнлаб шикоятлар ёзган, Мажилис (парламент қуйи палатаси), Сенат, президент маъмурияти, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва судяларга, 2023 йил 1 январда мамлакатда қайта тикланган Конституциявий судга мурожаат қилган. Бу мурожаатлар натижа бермаган — унинг сўровлари эътиборга олинмаган.
Сыроежкин «Бепарво бўлмаган инсон ёзишмалари»да унинг таъқиб қилиниши ва МХҚ раҳбарияти ўртасидаги боғлиқликни таъкидлайди. 2022 йил январь воқеаларидан сўнг, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Карим Масимов ва унинг ўринбосарлари лавозимидан айрилгани ва узоқ муддатга ҳукм қилинганидан сўнг, синологнинг иши қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли пайдо бўлади.
Ниҳоят, ўтган йил декабрь ойида Сыроежкин Қосим-Жомарт Тўқаевга очиқчасига мурожаат қилиб, авф этишини сўрайди ва шу билан бирга, афв этиш айбни тан олишни англатишини, аммо мурожаат қилаётган шахс «ўзи қилмаган жиноятни тан ололмаслигини» таъкидлайди.