Қирғизистон Қозоғистонга сув тошқини муносабати билан гуманитар ёрдам жўнатади

Қозоғистонда сув тошқини оқибатлари. www.gov.kz сайти фотосурати

Қирғизистон Қозоғистонга мамлакатда юз берган сув тошқинлари муносабати билан гуманитар ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда республика Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровга таяниб, 24.kg нашри хабар берди.

«Бишкек иссиқлик электр станциясида авария юз берганида, биз сўрамаган бўлсак-да, қўшни давлатлар бизга гуманитар ёрдам жўнатишди. Ҳозирги ҳолатда ҳам, гарчи ёрдам сўрамашмаган бўлишсада, биз уларга инсонпарварлик ёрдамини жўнатамиз», — деди Жапаров.

Унинг аниқлик киритишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «бугун ёки эртага» қўшни республикага юкларни, жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларни жўнатади.

Қозоғистоннинг қатор вилоятларида сув тошқини туфайли кескин вазият юзага келган. Республика ФВВ маълумотларига кўра, Ақтўбе, Қўстанай, Атирау, Ақмола, Павлодар ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларида мингдан ортиқ хусусий турар-жой бинолари сув остида қолган. Табиий офат зонасидан 18 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган.

Ҳозирда 63 та аҳоли пункти транспорт алоқасисиз қолган, маҳаллий аҳоли билан алоқа ўрнатилмоқда. Зарур озиқ-овқат ва дори-дармон захиралари яратилган. Tengrinews.kz хабар беришича, тошқин эпицентрида жойлашган Уралскда айниқса хавотирли вазият юзага келган. Шаҳарни Чаган, Деркул ва Урал дарёларининг суви босмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Манғистау вилоятидан тезкор гуруҳи кучларини бу ҳудудга ўтказишга қарор қилган.

Вазият мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан назоратга олинган. Унинг бугун, 4 апрель куни тошқиндан жабр кўрган ҳудудлардан бирига ташриф буюриши кутилмоқда. Аввалроқ Тўқаев расмийларнинг офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатларини танқид қилиб, улар «ишни бир-бирига тўнкаётгани»ни айтган эди. «Агар вазият ўзгармаса, масъул шахслар лавозимидан четлатилиши керак», — деган давлат раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ