Туркманистон президенти Овадан-депе қамоқхонаси назоратчи прокурорини ишдан бўшатди

Овадан-депе. Google харитасидаги тасвир

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов имзолаган фармонга кўра 11 нафар прокурор зудлик билан ишдан бўшатилган. Улар орасида Аҳал вилояти прокурори, Ашхобод ҳарбий прокурори, шунингдек, шафқатсиз шароити билан машҳур Овадан-депе қамоқхонаси жойлашган Аҳал вилоятининг ахлоқ тузатиш муассасаларида қонунларга риоя этилиши назорати бўйича прокурор ҳам бор.

Аҳал вилояти прокурори Мердан Пирбобоев «хизмат вазифаларини лозим даражада бажармагани учун» деган ибора билан лавозимидан бўшатилган. Унинг ўрнини биринчи тоифали ҳуқуқшунос Шодурди Ташлиев эгаллаган. Шунингдек, «хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги учун» Аҳал вилоятининг Оқ Буғдай этрапи (туман) прокурори Гурбангули Наяев ҳам ўз лавозимидан маҳрум бўлган.

Қолган прокурорлар истеъфолари «ваколат муддати тугаши муносабати билан» деган мазмунда изоҳланган. Ўз лавозимидан маҳрум бўлганлар орасида Аҳал вилоятидаги ахлоқ тузатиш муассасаларида қонунлар ижросини назорат қилиш прокурори, ушбу лавозимда 5 йилдан ортиқ ишлаб келган Мекан Улуғбердиев ҳам бор. Унинг ўрнига биринчи тоифали адвокат Оразмират Гурбанов тайинланган.

Ашхобод ва Лебап вилояти ҳарбий прокурорлари Ёқуб Аннаев ва Шатлиқ Мирадов ўрнига мос равишда Ботир Аннамуҳамедов ва Гурбандурди Меляев тайинланади. Дарвоқе, Туркманистонда 19 мартдан баҳорги муддатли ҳарбий хизматга чақирув бошланган.

Шунингдек, Аҳал, Болқон, Тошҳовуз ва Мари вилаятларининг олти нафар прокурори ва прокурор ўринбосарлари ишдан бўшатилган.

Туркманистон прокуратурасини тозалаш жорий йил бошида мамлакат бош прокурори Сердар Мяликгулиев «фаолиятидаги камчиликлари учун» ишдан олинганидан кейин бошланган эди. Эслатиб ўтамиз, 2017 йили Туркманистонда прокуратура ва ички ишлар вазирлигининг ўнлаб ходимлари ҳибсга олинган эди. 2019 йили икки прокурорнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларига сиздирилган бўлса, ўша йили ИИВ собиқ раҳбари Исгендер Муликов ҳибсга олинган эди.

ℹ️ Овадан-депе — Туркманистон биринчи президенти Сапармурод Ниёзов даврида қурилган сиёсий маҳбуслар қамоқхонаси ҳисобланади. Туркманбоши қамоқхонани лойиҳалашда шахсан иштирок этган ва қурилиш жараёнини назорат қилган. Овадан-депе сиёсий рақиблар, режим танқидчилари ва ғазабга йўлиққан амалдорларни ушлаб туриш учун мўлжалланган. Маҳбуслар ташқи дунёдан бутунлай узилган. Улар газета ўқиш, телевизор кўриш, радио тинглаш имкониятидан маҳрумдирлар. 2018 йили қамоқдаги режим бироз юмшатилгани, айрим маҳкумларга яқинлари билан учрашишга рухсат берилгани хабар қилинган эди.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди