Ўзбекистонлик гроссмейстер дунёнинг энг кучли шахматчилари бешлигидан жой олди

Нодирбек Абдусатторов. chess.com сайти фотосурати

Ўзбекистонлик 19 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ФИДE рейтингида дарҳол етти поғонага кўтарилиб, дунёнинг энг кучли шахматчилари рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллади.

2024 йил апрелб ойида янгиланган маълумотларга кўра, Абдусатторов 2765 рейтинг очкосига эга ва бу унга 11-ўриндан тўртинчи ўринга кўтарилиш имконини беради. У ФИДE рейтингида россиялик Ян Непомнящий, франциялик Алириза Фирузжа, ҳиндистонлик Виши Ананд, хитойлик Дин Лижэн каби таниқли шахмат юлдузларини ортда қолдирди.

Нодирбек Абдусатторов дунёнинг энг яхши 10 нафар шахматчиси қаторига киришга муваффақ бўлган биринчи ўзбек гроссмейстеридир.

Айни дамда Абдусатторов ФИДE рейтингида норвегиялик Магнус Карлсен ва америкалик Фабиано Каруана ва Хикару Накамурадан кейинги ўринда бормоқда.

Ўзбекистонлик шахматчи жорий йил февраль-март ойларида Прагада бўлиб ўтган халқаро шахмат фестивалидаги ғалабаси эвазига рейтингда кўтарилишга муваффақ бўлди.

2021 йили Нодирбек Абдусатторов шахмат тарихида рапид бўйича энг ёш жаҳон чемпиони бўлди. 2022 йили Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси сифатида шахмат олимпиадасида ғолиб бўлди. 2023 йили Вейк-ан-Зее шаҳрида бўлиб ўтган турнирда иккинчи ўринни эгаллади ва бу ўйин давомида ФИДE рейтинги етакчиси Карлсенни мағлуб этди ва бу ўзбекистонлик шахматчига бирданига иккита рамзий клуб – Михаил Чигорин ва Тигран Петросян клубларига аъзо бўлиш имконини берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ