Қирғизистон 5 апрелдан «Мир» банк карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатади. Бу ҳақда «Элкарт» маҳаллий тўлов тизимининг оператори – Банклараро процессинг маркази (БПМ) хабар берди. Қарор АҚШнинг «Мир» тўлов тизимининг оператори -Миллий тўлов карталари тизимига (МТКТ) қарши жорий қилган санкциялари туфайли қабул қилинган.
«Иккиламчи санкциялар хавфини минималлаштириш мақсадида «Банклараро процессинг маркази» «Элкарт» миллий тўлов тизимининг узлуксиз ишлашини кафолатлаш мақсадида 2024 йил «МТКТ» АЖ билан муносабатларнинг тугатилиши муносабати билан 5 апрелдан ўз инфратузилмасида «Мир» банк карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилгани ҳақида хабар беради», — дейилади БПМ баёнотида.
Қирғизистонда «Мир» картасидан банкоматлардан нақд пул ечиб бўлмаслигига аниқлик киритилди. POS-терминалларда Интернет-тўловлар, пул ўтказмалари ва карта орқали харидлар учун тўловлар амалга ошмайди.
Ўз навбатида, Россияда «Мир» картасини қабул қилиш тармоғида «Элкарт» карталари ўз фаолиятини тўхтатади.
РБКнинг эслатишича, «Мир» карталари Қирғизистонда 2019 йилдан бери иккита тўлов тизими – Россиянинг «Мир» ва Қирғизистоннинг «Элкарт» интеграцияси доирасида ишлаб келган ва уларда 21 та банк иштирок этган. Бироқ, республикада «Мир» карталарининг ишлаши билан боғлиқ биринчи муаммолар 2022 йил кузида, АҚШ Ғазначилиги МТКТ билан ҳамкорлик қилгани учун хорижий молиявий ташкилотларни жазолаш билан таҳдид қилганидан кейин бошланган. Масалан, 2022 йил октабрь ҳолатига кўра, 23 та кредит ташкилотидан ўнтаси «Мир» карталари билан ишлашни тўхтатган.
Бугун Россиянинг ТАСС агентлиги Қозоғистондаги энг йирик Halyk Bank февраль ойи охиридан бошлаб «Мир» тўлов тизимининг карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатганини хабар қилди. Бироқ, бундан олдин Halyk Bank Россиянинг «Мир» тўлов тизимидан фойдаланишни 2022 йилдаёқ тўхтатгани ва ўшандан бери вазият ўзгармагани ҳақида хабар берилган эди. Ўтган йил охиридаги маълумотларга кўра, республикада «Мир» картасидан нақд пул ВТБ ва Bereke Bank банкоматларида ечиб олиш мумкин бўлган. Шу билан бирга, санкцияга дучор бўлган Россия банкларининг карталари фақат ВТБ банкоматлари томонидан қабул қилинган.