Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маҳаллий тадбиркорларни сув тошқинидан жабр кўрган фуқароларга ёрдам беришга чақирди. Бу ҳақда у 1 апрель куни Республика штаби йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда сайти.
«Мен барча бизнес вакилларини бугунги масъулиятли паллада четда турмасликка ва одамларга ёрдам қўлини чўзишга чақираман. Табиий офатдан жабр кўрган барча аҳоли ва ҳудудларга максимал даражада ёрдам кўрсатиш зарур. Бугун бу барчамизнинг умумий вазифамиздир, – деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, у ғарбий вилоятларда кучли сув тошқинларидан зарар кўрган кўплаб йирик корхоналар мавжудлигини таъкидлади. «Улар орасида «Самрук-Казина» жамғармасига кирувчи компаниялар, шунингдек, конларни ўзлаштириш билан шуғулланувчи компаниялар бор. Ишончим комилки, улар одамларга зарур ёрдамларни кўрсатиб, бузилган инфратузилмани тиклашда фаол иштирок этадилар», — дея қўшимча қилди президент.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги сув тошқини 2012 ва 2017 йиллардаги сув тошқинлари кўламидан кенг, зеро улар сўнгги 30 йилдаги энг йирик сув тошқинлари ҳисобланган эди. Бироқ, зарур мутахассисларнинг этишмаслиги туфайли тошқин ўз вақтида башорат қилинмади. Президент, шунингдек, сув тошқинининг чўққиси ҳали ҳам ўтиб улгурмаганини алоҳида таъкидлаб, офат оқибатларини бартараф этишда мутасаддиларнинг шахсий масъулиятини яна бир бор эслатди.
«Жавоб чоралари асосан воқеа содир бўлгандан кейин ёки прогнознинг кичик захираси билан (...) амалга оширилмоқда. Ваколатли муассасалар (ҳокимликлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирликлари) ҳамкорликда ишламайди ва масъулиятдан қочади. Улар ишни бир-бирларига тиркашади. Вазият ўзгармаса, масъул шахслар ишдан четлатилиши лозим», — деди у.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар Ақтўбе, Қўстанай, Ғарбий Қозоғистон, Ақмола, Атирау, Қарағанда, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Олмаота, Павлодар, Улитов ва Абай вилоятларида оғир вазият сақланиб қолинмоқда. Ушбу ҳудудларда сув босган уйлардан 13,6 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган. Улар вақтинчалик яшаш марказларига жойлаштирилган.