Санкт-Петербургдаги болалар уйига қирғизистонлик Тўхтахон Олтибасарова номи берилди

4-СОНЛИ ОИЛАВИЙ ТАЪЛИМНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ МАРКАЗИ, ТЎХТАХОН ОЛТИБАСАРОВА. «ФАРҒОНА» КОЛЛАЖИ

Санкт-Петербургдаги 4-сонли оилавий таълимни тарғиб қилиш маркази Улуғ Ватан уруши йилларида қамалда қолган ленинградлик 150 нафар болага бошпана берган қирғизистонлик Тўхтахон Олтибасарова номи билан аталди. Олтибасарова номини Санкт-Петербург топонимик комиссияси қабул қилди, деб хабар беради шаҳар ҳукумати.

«Аёлнинг жасорати нафақат Марказ номи билан, балки бу ерда Ленинград мудофаа ва қамал музейи билан ҳамкорликда ташкил этиладиган эсдалик кўргазмасида ҳам абадийлаштирилади», — дейилади хабарда.

«Бу шаҳримиз тарихининг бир қисми. Тўхтахон Олтибасарова нажот, меҳр-оқибат, оналик ва фидойилик тимсолига айланган. Биламизки, у ўшанда ёш бўлган, лекин у шундай миссияни ўз зиммасига олган», — дейди марказ директори Ольга Галкина.

ℹ️ Улуғ Ватан уруши йилларида ўн олти ёшли Тўхтахон Олтибасарова Қирғизистон ССР Иссиқкўл вилоятидаги Курменти қишлоқ кенгашини бошқарган. 1942 йили у қамалдаги Ленинграддан келган болалар учун болалар уйини ташкил қилган. Болалар ўн йил давомида унинг қарамоғида бўлганлар. Кейинроқ болаларнинг бир қисми Қирғизистонда қолган, қолганлари уйларига қайтган. 2012 йили Бишкекда Олтибасарова шарафига ёдгорлик барельефи ўрнатилди. Аёл 2015 йили 91 ёшида вафот этган.

ℹ️ 2014 йили Россияда меҳрибонлик уйлари, мактаб-интернатлар ва болалар уйлари негизида оилавий таълимни тарғиб қилиш марказлари ташкил этилган. Санкт-Петербургдаги 4-сонли марказнинг тарихи 1885 йили, Ярославский проспектида Авлиё Пётр Лютеран черкови руҳонийси Александр Ферман томонидан «ўзга диндаги ва чет эллик» оилалардаги касал болалар учун муқаддас Эммануил номидаги Инжил бошпанасини қурган пайтдан бошланган. Инқилобдан кейин бино саҳоватхонага айланган. Улуғ Ватан урушининг дастлабки йилларида биринчи қаватда озиқ-овқат омбори, иккинчи қаватда жанг майдонидан қайтган ярадорлар учун шифохона жойлашган. 1944 йил декабрь ойида бино болалар уйига берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ