Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди (Сатибалдиули) 82 миллиард тенгедан (183 миллион доллар) ортиқ пул ювишга доир янги жиноий иш бўйича ўз айбини тан олди ва ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган активларни давлатга қайтаришга ваъда берди, деб ёзади ORDA.kz. Остона шаҳар жиноят ишлари бўйича туманлараро суди мазкур иш бўйича суд жараёнини бошлади.
Тергов маълумотларига кўра, Сатибалди 2018 йил 1 январдан 2022 йил 10 февралгача бўлган даврда «Транспорт хизмати кўрсатиш маркази» («ТХМ» АЖ) мол-мулкини ўғирлаш натижасида олинган («ювилган») пул маблағларини қонуний муомалага киритган, бюджетга божхона ва бошқа тўловларни ўтказишдан бўйин товлаган, шунингдек, «Қозоқтелеком АЖ»га мулкий зарар етказган. Тадбиркор пул ювиш учун «TexAlliance» МЧЖдан фойдаланган. Ўзлаштирилган маблағга Назарбоев жияни Қозоғистон, Россия, БАА ва Францияда мулк (кўчар ва кўчмас)ларни сотиб олган.
Сатибалди Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддаси 3-қисми 3-банди («Жиноий йўл билан олинган пул маблағларини легаллаштириш») билан айбланган.
«Айблов моҳияти тушунарли. Айбимни тўлиқ тан оламан. Суммаларга қўшиламан, эътироз билдирмайман», — деди у судда тергов давомида конституциявий ҳуқуқлари бузилмаганини таъкидларкан.
Дастлабки суд мажлисида Сатибалдининг ҳимояси процессуал битим тузиш ва ноқонуний йўл билан олинган мол-мулкни қайтариш тўғрисида илтимос билан чиқди. Суд бу масалани ҳал қилиш учун вақт ажратди. Шу муносабат билан навбатдаги йиғилиш номаълум муддатга қолдирилди.
Қайрат Сатибалдиули автоҳалокатда ҳалок бўлган Қозоғистон биринчи президентининг укаси Сатибалди Назарбоевнинг ўғли. Кейинчалик у фамилияси сифатида отасининг исмини олган турли йиллари МХҚда хизмат қилган, сиёсат ва бизнес билан шуғулланган, мамлакатнинг энг бой одамларидан бири бўлган.
2022 йил 13 март куни тадбиркор коррупцияга қарши кураш хизмати томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва «Казактелеком» пул маблағларини ўта йирик миқдорда ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинган. 2022 йил 26 сентябрда суд Сатибалдиулини олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
Сотибалдиули ҳозирда ўртача тартибдаги ахлоқ тузатиш муассасасида жазо ўтамоқда. Ўтган декабрь ойида Сатибалдиули шартли равишда озод қилишларини сўраб ариза берган, аммо суд уни рад этган ва ушбу қарорни маҳкумнинг «қонунбузарликлари ва беқарор хатти-ҳаракатлари» билан изоҳлаган.
Қайд этиш лозим, тергов бошланганидан бери ноқонуний капитални қайтариш тўғрисидаги қонундан фойдаланиб, Сатибалданинг 1,4 миллиард долларлик активлари Қозоғистон бюджетига ўтказилган.