Туркманистон Халқ Маслаҳати (Халқ Кенгаши) раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Аннау шаҳрининг туркий дунё маданий пойтахти деб тан олиниши муносабати билан ўтказилган тантаналар доирасида шаҳарда Сейит Жемалетдин номидаги янги масжиднинг очилиш маросида туркманлар ва хитойлар ўртасидаги кўп асрлик дўстона алоқалар мавжуд бўлганини гапириб берди. Бу ҳақда ТДХ давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Байрам сўнгида, бир пиёла чой устида Бердимуҳамедов йиғилганларга тарихга оид маъруза ўқиди. Жумладан, Аркадаг (Гурбангули Мяликгулевичнинг мақоми, «ҳомий» маъносини англатади) XV асрнинг вайрон бўлган меъморий ёдгорлиги бўлмиш асл Сейит Жемалетдин масжидининг қурилиш тарихи, унинг деворларида акс этган аждархолар ҳақидаги афсонани сўзлаб берди. Аркадаг тасвирларнинг баъзи илмий таҳлилларига асосланиб, уларнинг Хитой тасвирий санъати билан ўхшашлигини таъкидлади.
«Айрим олимларнинг фикрича, бу ўхшашлик ўрта асрларда туркман ва хитой усталари ўртасида фаол алоқалар мавжудлигидан далолат беради. Албатта, ўшанда бу жараёнга Буюк ипак йўли туртки бўлган, у орқали ҳунармандлар Хитойга етиб боришган, хитойликлар эса серқуёш минтақамизга туркман заминидаги улуғвор шаҳарларни зиёрат қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун келишган», — деб тушунтиради Бердимуҳамедов.
Халқ кенгаши раҳбари Хитой билан дўстона муносабатлар мавзусини ривожлантиришда давом этаркан, «Туркманистон-Хитой дўстлик ва қардошлик ришталари ўзоқ ўтмишга бориб тақалади», деди.
«Эрамиздан аввалги 49-йилда туркманлар аждодлари Хитой халқи билан «Қасамёд шартномаси» деб номланган шартнома тузганлар.
Бундай келишув икки халқнинг яқинлигидан далолат беради. Унда шундай дейилган: «Ўғилларимиз ва невараларимиз ушбу шартномага авлодлар оша содиқ қолишсин».
Қадимий Аннау шаҳри 2024 йили туркий дунёнинг маданий пойтахти деб бежиз эълон қилинмаганини таъкидлаб ўтмоқчиман: шарқ тақвимига кўра, бу йил биз учун Балиқ йили, хитойликлар учун эса Аждарҳо йили ҳисобланади. Зеро, унинг суратлари Сейит Жемалетдин масжиди порталида жойлашган», – деди Аркадаг.
ТДХ нашри таъкидлашича, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг кашфиётлари ва илмий асослари ҳақида кўпроқ маълумотларни унинг «Туркманистон – Буюк Ипак йўлининг юраги» китобида ва унинг ўғли, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Аннау тарихига оид янги китобида мумкин.
Таъкидлаш жоиз, Хитой Туркманистоннинг энг йирик савдо шериги ва туркман газининг асосий харидори ҳисобланади. Ашхобод «Буюк ипак йўлининг тикланиши» стратегиясига амал қилади, Аркадагга кўра, бу стратегия Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусига мос келади. Икки давлат ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган икки стратегиянинг уйғунлиги икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
ℹ️ Янги Сейит Жемалетдин масжиди бинолар мажмуаси бўлиб, у масжиддан ташқари садақа (хайрия) ва маросимлар учун махсус бино ҳамда бошқа биноларни ўз ичига олади. Масжиднинг дизайни ва ички безакларида мармар ва гранитдан фойдаланилган. Декорнинг бир қисми деворларга битилган Қуръон сураларини ўз ичига олади. Нашрнинг қайд этишича, масжид ва унинг бинолари ичидаги безакларнинг ранг схемаси асл Сейит Жемалетдин масжидидаги тасвирлар ранглари билан бир хил. Садака биносининг деворларидан бири Туркманистон президенти Сердар Бердимухмедовнинг Ҳаж зиёрати тасвири билан безатилган.
Иншоотнинг умумий майдони 6 гектарни ташкил этади. У 500 кишига мўлжалланган. Тўрт миноранинг ҳар бирини баландлиги 50 метр, гумбаз 30 метрни ташкил этади.
ℹ️ Тарихий Сейит Жемалетдин масжиди Хуросоннинг темурий ҳукмдори Абулқосим Бобурнинг Муҳаммад Худайдот исмли вазири томонидан қурилган. Масжид безаклари Марказий Осиёда учрамайдиган аждаҳо тасвирлари билан ўзига хосдир. Археолог Галина Пугаченкова ўз асарларида ёзишича, булар Эрон мифологиясидаги аждарлар бўлиб, ўша пайтлар Аннауда яшаган маҳаллий туркман қабиласининг ҳимоячи ҳайвони бўлган. Файласуф Сейит Жемалетдин ҳам шу қабилага мансуб бўлган бўлса, ажабмас. Масжид 1948 йили Ашхободда юз берган зилзила пайтида мутлоқ вайрон бўлган.