«Крокус Сити Холл»даги отишма иштирокчилари террорчиликда айбланмоқда

Айбланувчилар судда. kp.ru сайти фотосурати

Москванинг Басманний суди 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактда гумонланган тўрт нафар шахсга террорчиликда айблов эълон қилди. Барча айбланувчилар 22 майгача ҳибсга олинган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Терактда иштирок этгани тахмин қилинган шахслар 24 март куни Москванинг Басманний туман судига келтирилди. Уларга РФ Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми «б» банди («Уюшган шахслар гуруҳи томонидан одам ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳужуми») бўйича айблов қўйилган. Барча гумонланувчилар қаттиқ калтакланган, улардан бирининг қулоғи қўлга олинганда кесилган, яна бир гумонланувчи Муҳаммадсобир Файзов эса замбилда олиб келинган. У қийинчилик билан гапирган, эҳтимол ҳушини йўқотиб қўйган бўлиши мумкин. Ҳимоя томони суддан унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасини танлашни сўраган, бироқ илтимос инобатга олинмаган.

Қолган уч нафар судланувчи ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлган. Булар:

👉 32 ёшли Тожикистонлик Далержон Баротович Мирзоев, тўрт нафар вояга етмаган фарзанд отаси. У уч ойлик вақтинчалик рўйхатдан ўтган, аммо муддати тугаган. Эркакнинг фуқаролиги кўрсатилмаган. Суриштирув жараёнида Мирзоев Файзов билан бир ойга яқин Дмитровское шоссесидаги хостелда яшаганини айтган. Тахминан ўн кун олдин Телеграм орқали Абдулло деган кимса билан танишган, у такси ҳайдовчиси сифатида фойдаланиш учун қариндошларидан машина сотиб олишга ёрдам берган

👉 30 ёшли Саидакрами Муродали Рачабализода. Уйланган, бир фарзанди бор. Ҳозирда ишсиз, маълумотсиз. Айбланувчининг фуқаролиги аниқланмаган. Уни ҳибсга олиш чоғида хавфсизлик кучлари қулоғининг бир қисмини кесиб, оғзига мажбуран тиқиб қўйган.

👉 25 ёшли Шамсидин Фаридуни Тожикистон фуқароси, оилали, саккиз ойлик фарзанди бор. Красногорскда рўйхатдан ўтган, Подольскда ишлаган. Сўроқ пайтида у 4 март куни Туркиядан учиб кетганини, у ерга ҳужжатларни янгилаш учун чегарани кесиб ўтишга борганини айтган. Хавфсизлик кучлари «Крокус Сити Холл»да нима қилаётганини сўрашганида, у шундай жавоб берган: «Мен одамларни пул учун отиб ташладим». Фаридунининг сўзларига кўра, унга 500 минг рубль ваъда қилинган, унинг ярми олдиндан банк картасига ўтказилган. Кейинроқ РФ ҳуқуқ-тартибот идораларига қарашли Телеграм-каналларда қўлга олинган шахс афтидан электр токи билан қийноққа солингани тасвирланган сурат эълон қилинган.

Муҳаммадсобир Файзовга келсак, у 19 ёшда, бўйдоқ, фарзанди йўқ, ўрта маълумотли. У Ивановода рўйхатга олинган, у ерда сартарошхонада ишлаган. Фуқаролиги кўрсатилмаган. Қўлга олиш чоғида унинг кўзи шикастланган ва операция қилинган. Гумонланувчи Тергов қўмитасига тўғри реанимация бўлимидан олиб кетилган.

Барча айбланувчиларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.

ℹ️ 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида «Пикник» рок гуруҳи концерти арафасида теракт содир бўлди. Камуфляж кийган ва қуролланган бир неча киши мажмуага кириб, одамларни ўққа тута бошлаган. Улар концерт залига кириб, у ерда ўт қўйишган, ёнғин бинонинг тўрт қавати ва томини қамраб олган. Шундан сўнг жиноятчилар келган машинада қочиб кетишган. Натижада камида 130 киши ҳалок бўлган.

ВЧК-ОГПУ канали томонидан эълон қилинган видеода жиноятчилар машинаси концертда хавфсизликни таъминлаган РФ ИИВ фургонидан унча узоқ бўлмаган жойда тўхтаб турганини кўриш мумкин

Бир неча соатдан сўнг Брянск вилоятида жиноят содир этганликда гумон қилинган тўрт нафар шахс қўлга олинган. Улар кетаётган машина ичидан Тожикистон фуқароларининг паспортлари топилган, бироқ интернетда жиноятчилар россияликлар экани ҳақида деярли тасдиқланмаган маълумотлар пайдо бўлган, бироқ кейинроқ Россия ИИВ матбуот котиби Ирина Волк уларнинг барчаси чет эл фуқаролари бўлганини айтган. Таъкидлаш жоиз, Тожикистон Россия Федерацияси билан икки фуқаролик бўйича шартнома тузган ягона давлат ҳисобланади.

Ҳаммаси бўлиб, терактда гумон қилинган 11 киши қўлга олингани хабар қилинди. Baza Телеграм-канали Ички ишлар вазирлигининг тўрт киши ҳақидаги маълумотномалари эълон қилинган, улардан уч нафари терактга алоқадор эмаслиги аниқланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?