Суд Назарбоев жиянига шартли жазо берилганини унинг тавба қилгани билан изоҳлади

Самат Абиш. Видеодан кадр

Остона жиноят ишлари бўйича туманлараро суди Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абишнинг «январь иши» бўйича олган саккиз йиллик шартли қамоқ жазосига ойдинлик киритди. Суд матбуот хизмати Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида иш мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (КР Жиноят кодексининг 362-моддаси 4-қисми) бўйича кўриб чиқилганини маълум қилди. «Махфийлик» тоифаси сабаб, суд мажлислари ёпиқ форматда ўтказилган.

Прокурор суддан Абишни 10 йилга муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этишни сўраган. Шу билан бирга, айблов томони Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 63-моддаси асосида жазони ўша муддатга синов назорати ўрнатиш билан шартли деб белгилашни сўраган.

Мазкур моддада айтилишича: «Агар суд озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, маҳкумни жазони ўтамасдан туриб тузатиш мумкин деган хулосага келса, у ҳолда тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилади».

Охир-оқибат, шундай ҳам бўлган. Бундан ташқари, суд Абишни махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш бўйича президентга таклиф киритишга қарор қилган.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, судланувчи ўз айбига тўлиқ бўйнига олган ва чин дилдан пушаймон бўлган. Унинг ёш болалари борлиги ва чин дилдан тавба қигани енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида тан олинган. Ҳеч қандай оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаган.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоев жияни Самат Абишнинг ҳукми ҳақида бир кун аввал «DAT — Общественная позиция» нашри хабар берганди. Нашр манбасининг иддао қилишича, қарор 26 февраль куни қабул қилинган.

Самат Абиш 2022 йил 17 январда Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган. У ўзининг собиқ раҳбари Карим Масимов ва унинг бошқа ўринбосарлари (узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган) ишида гувоҳ бўлган. Абишга нисбатан иш қўзғатилгани ўтган йил кузида маълум бўлганди. Абишнинг январь воқеаларига алоқадорлигини судда Миллий хавфсизлик қўмитасининг бешинчи бўлими собиқ бошлиғи Руслан Искаков айтган. У Абишнинг «шаҳарда тартиб ўрнатиш» буйруғини бажарганини айтган ва бунинг учун у ёрдам сўраб жиноятчи Арман Жумагелдиевга мурожаат қилган.

2024 йил январида Самат Абишга қарши иш бўйича тергов якунланган. Ундан бирор жойга кетмаслик тўғрисида тилхат олингани хабар қилинганди. Ишнинг бошқа тафсилотларига махфийлик мақоми берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ