Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Самат Абиш январь воқеалари иши бўйича 8 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Мажилис (парламент қуйи палатаси) депутати Эрмурат Бапи Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ)даги саҳифасида маълум қилди.
У нашрга «DAT-Общественная позиция» газетасидан парча илова қилган. Нашр манбасининг айтишича, суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган ва қарор 26 февраль куни қабул қилинган. Хабарда айтилишича, Абиш генерал унвони ва давлат орденларидан маҳрум қилинган, бироқ мулки мусодара қилинмаган.
Самат Абиш 2022 йил 17 январида мамлакатда вазият барқарорлашгани ва КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг МХҚ раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган эди. Давлат тўнтаришига уриниш бостирилганидан бери Назарбоевнинг жияни «тергов орбитасида» бўлган, аммо мулозим гумондор мақомига эга эмас эди. Унга нисбатан анча кечроқ – 2023 йил сентябрь ойида «Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича жиноий иш очилган.
Абишнинг январь воқеаларига алоқадорлигини судда Миллий хавфсизлик қўмитасининг бешинчи бўлими собиқ бошлиғи Руслан Искаков айтган. У Абишнинг «шаҳарда тартиб ўрнатиш» буйруғини бажарганини айтган ва бунинг учун у ёрдам сўраб жиноятчи Арман Жумагелдиевга мурожаат қилган.
2024 йил январида Самат Абишга қарши иш бўйича тергов якунланган. Ундан бирор жойга кетмаслик тўғрисида тилхат олингани хабар қилинганди. Ишнинг бошқа тафсилотларига махфийлик мақоми берилган.