Қозоғистон терма жамоаси яна бир россиялик футболчини фуқароликка қабул қилди

Идрис Умаев. meta-ratings.kz сайти фотосурати

Александр Зуевдан кейин яна бир россиялик Қозоғистон терма жамоасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади – «Актўбе» ҳужумчиси Идрис Умаев. Эндиликда футболчи Қозоғистон фуқаролигини олиш учун сўнгги расмиятчиликларни якунламоқда, деб хабар беради Vesti.kz.

Умаев паспортдан ташқари Шенген визасини ҳам олиши керак, чунки Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Магомед Адиевнинг сўзларига кўра, у 25 ёшли Умаевнинг Миллий терма жамоанинг Миллатлар лигаси плей-офф босқичида 21 март куни Грецияга қарши ўйинига қадар ўйинчини рўйхатга қўшиш учун барча ҳужжатларни расмийлаштиришга улгуришига умид қилади.

Фуқаролик олишдан ташқари, миллий терма жамоада ўйнаш учун ФИФА қоидаларига кўра, бир қатор талаблар мавжуд, жумладан, футболчи беш йил давомида миллий чемпионатда ўйнаши зарур. Бироқ, соддалаштирилган дастурга кўра — футболчи фуқароликка қабул қилинган мамлакатда туғилган бўлиши ёки ота-онасидан бири ўша ерда дунёга келган бўлиши керак. Умаевга келсак: отаси Иброҳим Жетису вилояти, Алдабергеново қишлоғида туғилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва «Спартак»и тарбияланувчиси, асли қўстанайлик Александр Зуев Қозоғистон фуқаролигини олган эди.

Қизиғи шундаки, Магомед Адиевнинг ўзи ҳам Қозоғистон фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга, чунки унинг отаси Олмаотада туғилган.

Идрис Умаев — Грозний футболи тарбияланувчиси. 2016 йилдан 2023 йилгача футболчига бўлган ҳуқуқ Грознийнинг «Аҳмат»ига тегишли бўлган, бироқ Умаев кўп вақтини ижарада ўтказган. Бундан ташқари, футболчи Литванинг «Паланга», Россиянинг «Химки», «Чайка» ва «Енисей» жамоаларида тўп сурган. Умаев ижара асосида Қарағанданинг «Шахтёр» клубига ҳам бўлган. 2023 йили футболчи «Актўбе»да ижара асосида ўйнаган ва кейинчалик у ерда доимий трансферга айланган. Россия U-19 терма жамоаси таркибида 8 та ўйин ўтказган. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг нархи 175 минг еврони ташкил қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ