Олмаота прокуратураси илгари судланган тадбиркор Орифжон Шадиевга тегишли бўлган Олмаота вилоятидаги 960 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини Қозоғистон Миллий банки фойдасига қайтариб берди, деб ёзади InformBURO.kz.
Илий туман суди назорат органининг тегишли даъвосини қаноатлантирди. Айбланувчи томони ушбу қарор устидан шикоят аризаси киритди, аммо апелляция инстанцияси уни ўзгаришсиз қолдирди.
Власть.kz нашрининг аниқлик киритишича, прокуратура ва Миллий банк Шодиевнинг 2023 йил 3 мартда тузилган ер участкаларини олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилган. Улар битимлар судланувчининг Миллий банк олдидаги қарзини тўлашдан қочиш мақсадида тузилганлигини таъкидлаганлар.
Суд Шадиевга тегишли умумий майдони 960 гектар бўлган учта ер участкаси арзонлаштирилган нархда жами 14 миллион тенгега (31 минг доллар) сотилганини аниқлаган, лекин аслида уларнинг қиймати юз баравар қиммат бўлган. Натижада битим ҳақиқий эмас деб топилиб, ер Миллий банк фойдасига тортиб олинган.
Орифжон Шодиев тугатилган Capital Bank Kazakhstan ва AsiaCreditBank банкларининг ягона акциядори бўлган. 2023 йил июлида Олмаота шаҳрининг Олмали туман суди бизнесменни AsiaCreditBankга 16,7 миллиард тенге (37,6 миллион доллар) миқдорида етказган зарари учун бир ярим йилга озодликдан маҳрум қилган. Шодиев банк акцияларини сотиб олаётганда гаров эвазига ссуда олиб, фирибгарлик қилгани учун «Ваколатини суиистеъмол қилиш» (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 250-моддаси 2-қисми) моддаси бўйича судланган. Кейинчалик унинг ҳақиқий жазоси икки йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.
Орифжон Шодиев 2021 йили Forbes журналининг «Қозоғистоннинг 50 та энг нуфузли ишбилармонлари» рўйхатида 40-ўринни эгаллаган. У ENRC ҳаммуассиси ва ҳаммуаллифи Патох Шодиевнинг жияни бўлади.