Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг ваколатлари кенгайтирилди

www.gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) тўғрисидаги низомга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритди. Ўзгартишлар тўғрисидаги маълумотлар Норматив-ҳуқуқий актларнинг эталон-назорат банки сайтида пайдо бўлди. Жумладан, давлат раҳбарининг фармони билан Қозоғистон биринчи президенти Элбошининг ҳимояси махсус хизмат вазифаларидан чиқарилди (Нурсултон Назарбоев бекор қилинган мақомга эга эди).

МХҚга, хусусан, ахборот тизимлари ва электрон ахборот ресурсларини, махсус техник воситаларни, алоқа тизимларини, махсус мақсадли телекоммуникация тармоқларини, маълумотларни узатиш тизимларини, ахборотни техник каналлар орқали сизиб чиқишидан ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқиш, яратиш ва сотиб олиш, улар учун дастурий таъминот, қурол ва жиҳозлар, шифрлаш ва шифрдан чиқариш ишларини ташкил этиш;

миллий хавфсизлик органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларни махсус текширувдан ўтказиш;

Қозоғистон Республикаси фуқароларини ихтиёрий равишда, штатдан ташқари тезкор ходимлар сифатида жалб қилиш;

махсус давлат архивини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш;

чегара вакиллари фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш;

давлат сирларини муҳофаза қилишнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш каби қатор функциялар қўшилди.

Миллий хавфсизлик қўмитасининг янги вазифалари қаторига эълон қилинган огоҳлантиришлар ҳисоботини юритиш, шунингдек, миллий хавфсизлик органларида кадрларни ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбиялаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишларни амалга ошириш киради.

МХҚ раисига ҳам янги ваколатлар қўшилди. Эндиликда у миллий хавфсизлик идоралари ходимларининг айрим тоифалари учун озиқ-овқат рациони меъёрлари, уларни рағбатлантириш, хизмат вақтида вафот этган тақдирда дафн этиш, шунингдек, ходимларни махсус текширувдан ўтказиш тартибини белгилайди.

Президентнинг тегишли фармони тайёрланиши ўтган йил кузида маълум бўлганди. Ўтган йил бошида Қосим-Жомарт Тўқаев ўзидан олдинги олий давлат лавозимида ишлаган Нурсултон Назарбоевни Элбаси (миллат етакчиси) мақомидан ҳамда «ҚР Биринчи Президент тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган барча имтиёзлардан уни ва ва оила аъзоларини маҳрум қилувчи қонунни имзолаган эди. Шундан сўнг Қозоғистон Давлат химояси хизмати тўғрисидаги низомдан биринчи президентни ҳимоя қилиш тўғрисидаги алоҳида банд чиқариб ташланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ