Самарқандда «Афрасиёб» музейи икки йиллик реставрациядан сўнг очилди. Корея Республикаси Маданий мерос бошқармаси (ММБ) «Ривожланишга расмий ёрдам» дастури доирасида бу ишда иштирок этди, деб хабар беради The Korea Herald.
«7 асрда қирол Варкхуманнинг тож кийиш маросимида қатнашган Когурё элчилари тасвирланган қироллик фрескалари ёки девор расмларидан иборат заллар реконструкция қилинди. Когурё — қадимги Корея қироллиги», — деб ёзади нашр.
Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги (ММА) маълумотларига кўра, «Афросиёб» музейини таъмирлаш ва реконструкция қилишга 295 минг долларга яқин маблағ сарфланган. Безак ишлари ММБ, ММА, Корея маданий мерос фонди ва бошқа бир қатор ташкилотлар ёрдами эвазига амалга оширилган.
Музей тўлиқ реставрация қилинган. Кўргазма майдонлари замонавий ёритиш мосламалари билан жиҳозланган, кўргазма зали ва йўлаклари янгиланган, иккинчи қаватдаги шифт ва том алмаштирилган.
Янгиланган музей 13 март куни ташриф учун очилган. Очилиш маросимида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг, ММА директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев ва бир қатор соҳа вакиллари иштирок этишди.
ℹ️ «Афрасиёб» – Самарқанд тарихи музейи. У 1970 йили қадимда Самарқанднинг маркази бўлган Афрасиёб қишлоғининг шарқий қисмида қурилган. Шаҳарчанинг майдони 219 гектарни ташкил қилади. Археологлар Афрасиёбда 2100 йил давомида бир-биридан кейин ўтган тарихий даврларни акс эттирувчи 11 та маданий қатламни аниқлаганлар.
Афросиёб шаҳри 13 аср бошларида мўғуллар томонидан вайрон қилинган. Музей экспонатлари Самарқанднинг Искандар Зулқарнайн томонидан босиб олинганидан бошлаб, унинг ривожланиш тарихини намойиш этади.
Музей Самарқанднинг 2500 йиллиги шарафига қурилган. Кўргазмада 2000 дан ортиқ ноёб экспонатлар тақдим этилган. Улар орасида оссуарийлар, қадимий қилич парчалари, пичоқлар, ўқлар, тангалар, кулолчилик буюмлари, шунингдек, Самарқанд саройининг Ихшидлар (VII-VIII асрлар) даврига тегишли бўлган фреска қисмлари бор.