Қозоғистон ва Буюк Британия муҳим фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорларга айланади

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ва Буюк Британия муҳим фойдали қазилмалар соҳасида стратегик ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси»ни имзолади. Маросим Лондонда Қозоғистон делегациясининг ташрифи чоғида бўлиб ўтди, деб хабар беради республика Саноат ва қурилиш вазирлиги матбуот хизмати.

Ташриф доирасида Қозоғистон Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари Иран Шархан Буюк Британия саноат ва иқтисодий хавфсизлик вазири Нусрат Ғани билан учрашди. Учрашувда Шархан Қозоғистоннинг асосий тамойиллари, хусусан, «технология эвазига хом ашё ва глобал қиймат занжирига кириш»га алоҳида урғу берди, дейилади хабарда. Шунингдек, у Британия компанияларини Қозоғистондаги сармоявий лойиҳаларда иштирок этишга таклиф қилди.

Нусрат Ғани ўз нутқида икки томоннинг узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги фаолиятини юқори баҳолади. Вазир «Лондон ва Остона ўртасидаги МХМ (муҳим хомашё материаллари) соҳасидаги жорий ҳамкорликни амалий даражага ўтказишда муҳим воқеа бўлган «Йўл харитаси» имзоланишини мамнуният билан қайд этди.

Тадбир доирасида Қозоғистон ва Буюк Британия тадбиркорлари ўртасида ҳам учрашувлар бўлиб ўтди, уларда муҳим хомашё соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва аниқ лойиҳа таклифлари муҳокама қилинди.

Буюк Британия Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ва мамлакат иқтисодиётига сармоя киритиш бўйича еттинчи ўринда туради. Нусрат Ғани 2023 йил ноябрь ойида республикага ташриф буюрган эди. «Қозоғистонда биз инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, муҳим фойдали қазилмалар ва таълим соҳаларига эътибор қаратмоқчимиз. Қозоғистон менинг асосий устувор вазифаларимдан биридир», — деди Британия вазири.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ