Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 12 март куни 2020 йил кузида Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар натижасида Озарбайжон назоратига ўтган Физули шаҳрига учиб келди. Бу ерда Қозоғистон ташаббуси билан қурилган Қурманғази номидаги Болалар ижодиёти марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Оқўрда.
Маросимда қозоғистонлик ҳамкасби Тўқаевни Физули аэропортида шахсан кутиб олган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳам иштирок этди. Тўқаев шаҳарга ташрифи давомида уни реставрация қилиш лойиҳаси билан танишди ва маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашди.
Болалар марказининг очилиш маросимида сўзга чиққан Қозоғистон президенти бу «Қозоғистон халқи номидан совға» эканини таъкидлади.
«Менинг шахсий кўрсатмамга кўра, ушбу совға чин юракдан, бутун халқ номидан BI Group хусусий компанияси тақдим этади. Ўйлайманки, мазкур иншоот мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Сизга муваффақият ва фаровонлик тилайман. Шубҳасиз, Озарбайжоннинг бу муқаддас ҳудуди кучли тараққиётни бошдан кечиради», — дея қўшимча қилди у.
Фузулидаги Қурманғази номидаги ижод маркази қурилиши режалари икки йил аввал маълум бўлганди. Ўшанда Қозоғистонда уни «жаҳон андозаларига мос мазкур таълим муассаси мамлакатимиз совғаси сифатида қурилади ва икки халқ биродарлиги рамзига айланади» деб аташганди.
Эслатиб ўтамиз, Қосим-Жомарт Тўқаев икки кунлик давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлиб турибди. Бир кун аввал у Илҳом Алиев билан музокаралар олиб борган ва Қозоғистон ва Озарбайжон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этган. У ерда Тўқаев ҳамкасбини президентлик сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор табриклади. Унинг сўзларига кўра, овоз бериш натижалари Илҳом Алиевга бўлган юксак ишонч ва унинг стратегик йўналишини халқ томонидан қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.
«Биз Сизни озарбайжон халқининг умумэътироф этилган етакчиси, деб биламиз ва халқаро майдонда шундай шахс сифатида қабул қилинасиз. Шу билан бирга, Озарбайжон ўз суверенитетини тиклашда тарихий ғалабага эришганидан чин дилдан хурсандмиз», — дея Тўқаевнинг сўзларини келтиради Оқўрда.