Афғонистон аҳолиси Туркманистон чегара ҳудудидан ноқонуний фойдаланмоқда. Улар бу ерда чорва боқиш, ов қилиш ва ёввойи дарахтлар меваларини териш билан шуғулланишади, деб ёзади Turkmen news «Метеожурнал» сайтига таяниб. Асл манбага кириш имкони йўқ: унинг Телеграм-каналида хабар берилишича, туркман-афғон чегарасига доир нашрдан сўнг сайт DDоS ҳужумига учраган.
Совет даврида Афғонистон билан чегарада чегара назорати чизиғи ўрнатилган: Туркманистон ССРнинг бир неча ўнлаб километргача бўлган қисми аҳоли пунктларидан озод қилинган. Чизиқ СССР парчаланганидан кейин ҳам сақланиб қолган, у ерга Туркманистон томонидан фақат кундузи махсус рухсатномаси билан бориш мумкин.
Туркман чегарачилари аслида чизиқнинг фақат ички чегарасини қўриқлашади, ташқи чегарани, яъни Афғонистон билан ҳақиқий чегарани ҳеч ким назорат қилмайди. Шунинг учун афғонлар бу ҳудудга бемалол кириб, у ерда хўжалик юритишади, биринчи навбатда чорва молларини боқишади.
«Метеожурнал» ходимлари сунъий йўлдошдан олинган суратларда яйловлар ва чорва моллари ҳолатини таҳлил қилиб, афғон чўпонлари Туркманистон ҳудудига кўп километрларга чуқур кириб боришади, деган хулосага келишган.
Айни пайтда чорва молларини ҳаддан ташқари ўтлатиш оқибатида ер тақир бўлиб кетмоқда, афғонлар эҳтиётсизлиги туфайли чегара чизиғида кўплаб дашт ёнғинлари содир бўлмоқда. Афғонлар Туркманистон ҳудудида фаол ов қиладилар, масалан, Бадхиз қўриқхонасига зарар етказадилар. Бундан ташқари, улар назорат чизиғида меваларни териб, ноёб писта дарахтларидан ўтин қилишади.
«Метеожурнал»нинг таъкидлашича, назорат чизиғи Туркманистонга қарашли минглаб квадрат километрли ҳудудни ўз ичига олади. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли бу ердан фойдаланиш имкониятидан маҳрум, қўшнилар эса уни деярли тортиб олишган.