Корея геология илмий-тадқиқот институти (KIGAM) Қозоғистонда йирик литий конини топди ва уни ўзлаштиришни режалаштирмоқда, деб ёзади Кореа Times нашри.
Кон ўтган йили топилган, бироқ институт вакиллари бу ҳақда 5 март, сешанба куни Сеул халқаро асосий минераллар форумида маълумот берган.
Литий конлари Шарқий Қозоғистонда 1,6 квадрат километр майдонда топилган. Илгари бу ерда тантал қазиб олинган ва у одатда литий ва цезий билан бирга учрайди, дейилади мақолада. Институт мутахассислари Қозоғистон ҳукумати таклифига биноан 2023 йил май ойидан буён ушбу маконни ўрганишган.
Геологларнинг маълумотларига кўра, кондаги литий заҳиралари 15,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. «Канада агентлиги томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, ушбу ҳудудда топилган литий миқдори 5,3 фоизни ташкил этади», — дейилади институтда. Таққослаш учун, Ғарбий Австралия конларида литий миқдори 2,1% ни ташкил қилади.
KIGAM келгуси йилда Корея компанияси билан биргаликда литий ишлаб чиқаришни бошлаш учун кашф қилинган ҳудудда бурғулаш ҳуқуқини олиш учун ариза беришни режалаштирмоқда. Қайси компания иштирок этиши маълум қилинмаган.
Литий — электр автомобиль саноати учун энг муҳим минераллардан биридир, чунки у батареяларнинг асосий компоненти ҳисобланади. 2022 йил октабрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев республика ҳудудидаги литий захиралари 50 дан 100 минг тоннагача эканини маълум қилганди. У геология хизматига литий конларини қидириш ва ўзлаштириш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича топшириқ берган.