Қирқдан ортиқ халқаро компаниялар Россиядан Қозоғистонга кўчиб ўтди

freepik.com сайти фотосурати

Бугунги кунга қадар 41 та йирик хорижий компания Россиядан Қозоғистонга кўчиб ўтган. Бу ҳақда Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Бауиржан Кудайбергенов маълум қилди, деб хабар беради Власть.kz.

«Рўйхатимизда 30 дан ортиқ давлатдан 400 га яқин компания бор. Бугунги кунда қиймати 1,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 41 та компания бўйича аниқ натижалар мавжуд – булар InDriver, TikTok ва бошқалар», — деди мулозим.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россиядан 37 та компания кўчиб ўтиш жараёнида, уларнинг умумий капиталлашуви тахминан $1 млрд.

«Бу 37 та компания бўлади, деб айта олмайман. Балки бироз камроқ, балки бир оз кўпроқ бўлар, лекин йил охиригача бу ишни якунлаймиз. Ҳар бир компания бўйича алоҳида иш олиб борилади», — деди Кудайбергенов.

2022 йил ёзида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматга Россия бозоридан чиқиб кетишини эълон қилган халқаро компанияларни мамлакатга кўчириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқ берганди. Ўтган йил баҳорида Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаров улардан 25 нафари ҳаракатни якунлагани, яна 67 нафари бу борада иш олиб бораётгани ҳақида хабар берган эди. Кўчиб келганлар орасида Аидаров, жумладан, Honeywell, TikTok, Indriver, Fortescue, Alstom номларини айтиб ўтди.

Kursiv.kz хабарига кўра, 2023 йил август ойида Polymetal олтин қазиб олувчи компанияси Жерси оролидан Қозоғистонга кўчиб ўтган. Шунингдек, яқинда Кипрдан Fix Price ва Британия Виржиния оролларидан Dodo Brands Қозоғистонга кўчиб ўтаётгани маълум бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ