Олмаотада зилзиладан тезкор огоҳлантириш тизими учун 1 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланади

freepik.com сайти фотосурати

Жорий йил май ойи охирига қадар Олмаотада аҳолини зилзилалар ҳақида телефон орқали тезкор огоҳлантириш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун бюджетдан 475 миллион тенге (1 миллион доллардан ортиқ) ажратилган. Бу ҳақда Олмаота шаҳри ҳокими Эрболат Досаев ҳукумат йиғилишида маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.

Шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари билан биргаликда тизимни ишлаб чиқмоқда. «Анъанавий смсдан фарқли ўлароқ, бу технология тармоққа қўшимча юкламани бермайди ва антенна қамровидаги барча абонентларга бир зумда ва оммавий равишда хабар тарқатиш имконини беради», — дейди Досаев.

2024 йиил 23 январь ва 4 март кунлари Олмаотада содир бўлган зилзилалар пайтида кўплаб шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар сейсмик ҳодисага оид SMS-хабарларни анча кечикиб олишган. Қайд этилишича, хабарлар ўз вақтида юборилган, бироқ уларни абонентларга етказишда қийинчиликлар юзага келган. Шу муносабат билан, қишда расмийлар «секин» СМСни тезкор огоҳлантиришлар билан алмаштиришни таклиф қилишган.

Кечаги зилзилага келсак, Эрболат Досаев таъкидлашича, 5 март куни эрталаб Олмаотада вазият барқарор бўлган, тезкор штаб ишламоқда, барча хизматлар сафарбар қилиниб, кучайтирилган иш режимига ўтказилган.

Ҳаётни таъминлаш муассасалари, шунингдек, аэропорт, вокзал ва метро нормал режимда ишламоқда. Шу пайтгача Фавқулодда вазиятлар вазирлигига шаҳардаги ижтимоий соҳа объектлари ва кўп хонадонли турар-жой биноларига шикаст етганлиги ҳақида 156 та мурожаат келиб тушган. Вазирлик маълумотларига кўра, ҳали ҳам юздан ортиқ одам аҳоли учун қурилган бошпаналарда қолмоқда.

Зилзиладан сўнг бир жабрланувчи Олмаота касалхонасига етказилган ва унга зарур ёрдам кўрсатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ