Ҳуқуқ ҳимоячилари ОАВга босим туфайли Қирғизистонга нисбатан кузатувни кучайтирдилар

CIVICUS Monitor сайти инфографикаси

Глобал фуқаролик жамияти альянси CIVICUS Monitor Қирғизистонни инсон ҳуқуқлари масалаларини диққат билан кузатиб бориш лозим бўлган давлатлар рўйхатига киритди. Альянс сайтида айтилишича, бунга нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва ОАВ устидан ҳукумат назоратини кучайтирувчи репрессив қонун лойиҳалари сабаб бўлган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, гап Жогорку Кенеш (республика парламенти) томонидан муҳокама қилинаётган иккита қонун лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Биринчи ҳужжат «хорижий агент» тушунчасини тақдим этади ва у рус аналогига асосланган. Ушбу қонун чет элдан молиялаштириладиган ННТ сиёсий фаолият билан шуғулланса, хорижий вакил сифатида рўйхатдан ўтишларини талаб қилади. Шундан сўнг расмийлар бундай ташкилотларга нисбатан «тажовузкор текширувлар» ўтказиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, дея таъкидлайди альянс. Ҳозирда қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилиши арафасида. Агар депутатлар уни маъқулласа, ҳужжат президент имзолаганидан кейин кучга киради.

CIVICUS Monitor репрессив деб атаган яна бир қонун оммавий ахборот воситалари ва блогерлар устидан давлат назоратини кенгайтириш, Қирғизистонда интернет эркинлигини чеклаш ва мамлакат раҳбариятини танқид қилганларни жиноий жавобгарликка тортишни кучайтириш билан таҳдид қилади. Ҳужжат ҳозир Жогорку Кенеш қўмиталари томонидан муҳокама қилинмоқда.

CIVICUS Monitorнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Тара Петровичнинг қўшимча қилишича, гўёки миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган «хорижий агент» қонунлари фуқаролик жамиятини самарали тарзда йўқ қилишга ва танқидий овозларни бостиришга интилаётган авторитар режимларнинг қуроли ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, бундай нормалар қабул қилинган ҳамма жойда нодавлат нотижорат ташкилотлари оммавий равишда ёпилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишича, репрессив қонун лойиҳалари муҳокамаси мустақил оммавий ахборот воситаларига босим фонида олиб борилмоқда. Шу тариқа, жорий йил бошида хавфсизлик кучлари 24.kg ва Temirov Live нашрлари таҳририятларида тинтув ўтказди. Аввал тилга олинган ахборот агентлигининг офиси муҳрланган, иккинчи ҳолатда медиалойиҳага алоқадор 11 журналист ҳибсга олинган. Февраль ойида суд «Клооп» нашрини бошқараётган юридик шахсни тугатган эди.

CIVICUS Monitor Қирғизистон фуқаролик маконини «репрессия остида» деб баҳолайди. Рейтингда қуйида фақат «ёпиқ» мақоми мавжуд. Аниқлик киритилишича, республика 2023 йил декабрига қадар инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликлари бўйича «обструктив» позицияга эга бўлган давлатлар қаторида бўлган. Марказий Осиёнинг барча постсовет давлатлари рўйхатнинг энг ёмон қисмида жойлашган.

«Қирғизистонда минтақадаги репрессия тенденциясига қарши тура олиш имконияти ҳали ҳам мавжуд. Қўшниларининг қатъий тактикасини тобора кўпроқ қўллаш ўрнига, ўзининг фаол фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг бебаҳо ҳиссасини тан олиши керак», — дейди Петрович.

Мутахассислар диққат билан кузатаётган давлатлар рўйхатидан Қирғизистондан ташқари Фаластин, Покистон, Сенегал ва Венесуэла жой олган.

ℹ️ «Фуқаролик иштироки Бутунжаҳон иттифоқи» (CIVICUS) 1993 йили ташкил этилган. Халқаро ҳаракат дунё бўйлаб 20 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари бўйича ННТ ва ижтимоий лойиҳаларни бирлаштирган. Ташкилотга 170 дан ортиқ мамлакатларда 8500 дан ортиқ аъзолар киради. CIVICUS штаб-квартираси Йоханнесбургда жойлашган, Женева ва Нью-Йоркда ваколатхоналари мавжуд.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ