Қирғизистоннинг Қозоғистон билан чегарасида 5,3 магнитудали кучли зилзила содир бўлди, деб хабар беради Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази.
Ер силкинишлари 4 март куни маҳаллий вақт билан соат 12.22 да қайд этилган. Зилзила эпицентри Чўлпон-Отадан (Қирғизистон) 27 км шимолда ва Қозоғистон мегаполиси Олмаотадан 39 км жануби-ғарбда жойлашган. Зилзила ўчоғи 14 километр чуқурликда бўлган.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Олмаотада зилзила кучи 5 баллни ташкил қилган. Шаҳарнинг огоҳлантириш тизимлари ишга туширилган. Олмаота Фавқулодда вазиятлар департаменти фуқароларни биноларни тарк этишга ва ваҳима қўймасликка чақирган. Ҳозирча зилзила натижасида қурбонлар бўлган-бўлмагани ҳақида маълумотлар йўқ.
Бундан аввал олмаоталиклар 23 январга ўтар кечаси кучли зилзилани ҳис қилишганди. Унинг эпицентри шаҳардан 270 км жануби-шарқда жойлашган эди. Ер силкинишидан кейин 44 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Уларга енгил ва ўртача оғирликдаги турли хил жароҳатлар ташхиси қўйилган: бошнинг лат ейиши, бадан аъзоларининг қўқариши, пай чўзилиши каби.
25 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Олмаотадаги фуқаро муҳофазаси тизимининг табиий офатга тайёр эмаслиги сабаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини танқид қилганди. Унинг қайд этишича, зилзила вақтида шаҳарда сирена (огоҳлантириш тизими) ёқилмаган, аҳолига СМС хабарлар кечикиб келган, Қозоғистондаги 70 та сейсмологик станциядан олтитаси ишламай қолган.