Alerte Heritage Ўзбекистон ҳукуматини Бухоронинг тарихий марказини вайрон қилишни тўхтатишга чақирди

Бухоро сайёҳлик марказида қурилаётган объектлардан бири. Ижтиомий тармоқдан олинган иллюстрация

Alerte Heritage маданий мерос обсерваторияси ЮНEСКО ва Ўзбекистон ҳукуматига Бухоронинг тарихий марказидаги биноларни бузишни тўхтатиш ҳамда қадимий шаҳарни реконструкция қилиш режаларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш илтимоси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда архитектура ёдгорликлари ҳимоячиларининг Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) саҳифасида сўз юритилган.

Ташкилот экспертлари қурилиш ишлари бошланишида йўл қўйилган қатор қонунбузарликларга эътибор қаратган, шунингдек, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси объекти буфер-қўриқлаш зонаси ҳудудини модернизация қилиш лойиҳасини қаттиқ танқид қилган.

Мутахассислар ғазабини қўзғатган биринчи омил — тарихий биноларни бузиш бўйича ЮНEСКО билан келишилмагани бўлди.

«Бу мавжуд тузилмаларни йўқ қилиш ноқонуний ва республика ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга зид эканлигини англатади», — дейилади Alerte Heritage хабарида.

Ҳукуматнинг Бухоро марказини қайта қуришни кўзда тутган лойиҳаси, обсерватория мутахассисларининг фикрича, «ҳар жиҳатдан ҳалокатли ва биринчи навбатда дизайн жиҳатидан». Чунки лойиҳа Марказий Осиёнинг ўрта асрлар қиёфасини ўзида сақлаб қолган шаҳарда «қадимийлик бутафорияси» пайдо бўлишини кўзда тутади.

«Бундай сохта бинолар Лас-Вегас ёки Макаода қизиқарли кўриниши мумкин. Бироқ, Бухоронинг тарихий ўзагига визуал яқинликдаги сохта «Шарқ» фуқароларни ўзидан қочиришга ва сайёҳларни қўрқитишга маҳкумдир», — дея ҳулоса қилади мутахассислар.

Улар лойиҳанинг баъзи тафсилотларига эътибор қаратадилар. Жумладан, уларнинг сўзларига кўра, Шератон учун лифт шахтаси бўлиб хизмат қиладиган иккита «Калон» «архитектуранинг халтураси» ҳисобланади. Обсерватория, шунингдек, реконструкция муаллифлари бир-бирига мос келмайдиган ғояларни бирлаштиришга ҳаракат қилган бошқа жиҳатларни ҳам таъкидлайди: бу ерда «этно-шаҳар» майда меҳмонхоналар, «замонавий» стадион билан, 1990 йиллар «кооператив кафелари» руҳидаги ёрқин кичик шаклли «Европа» боғи билан туташган. Alerte Heritage вакиллари лойиҳани 3D визуаллаштиришни ўрганган, бироқ рассом сифатида ҳалиям ғўр учинчи курс талабалари амалга оширган, дея тахмин қиладилар.

Ўзбекистон ОАВларига таяниб, меъморий обидалар ҳимоячиларининг ёзишича, кўплаб фуқаролар Бухоро марказининг ободонлаштирилаётганидан норозилигини билдирмоқда, бироқ расмийлар бу изоҳ ва шарҳларга эътибор бермаяпти.

Обсерватория Ўзбекистон раҳбариятини тарихий обидаларни асраб-авайлаш борасидаги икки томонлама стандартлар сиёсатидан воз кечишга чақиради, чунки Тошкентдаги модернистик иншоотлар учун курашиш ва айни пайтда Бухородаги қимматли ёдгорликларни вайрон қилишдан фойда йўқ.

«Давлатнинг маданий меросларга оид сиёсати изчил бўлиши керак», — дея хулоса қилади Alerte Heritage вакиллари.

«Фарғона» нашри ЮНEСКО рухсатисиз шаҳарнинг тарихий маркази қўриқланадиган зонасида амалга оширилаётган «Боқий Бухоро» этнографик сайёҳлик мажмуаси лойиҳаси 470 миллион долларга баҳолангани ҳақида аввал хабар берган эди.

ℹ️ Марказий Осиё маданий мероси обсерваторияси Alerte Heritage — нодавлат халқаро ассоциацияси бўлиб, унинг мақсади минтақа маданий қадриятларини ўғирлик ва вайронагарчиликдан ҳимоя қилиш ҳамда кенг жамоатчиликни бундай объектлардан бохабардор қилишдан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ