Қозоғистонда ярим йилда «Казспецэкспорт» компаниясининг иккинчи раҳбари қўлга олинди

t.me/afm_rk фотосурати

Қозоғистонда ҳарбий маҳсулот ва мол-мулклар импорти ва экспорти билан шуғулланувчи «Казспецэкспорт» давлат компанияси бош директори вазифасини бажарувчи Аршат Аяганов қўлга олинди. Бу ҳақда Республика Молиявий мониторинг агентлиги хабар берди.

Аяганов 23 февраль куни қўлга олинган. У зирҳли ҳарбий техника етказиб бериш бўйича давлат мудофаа топшириғини бажариш вақтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумон қилинмоқда. Ишнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.

«Казспецэкспорт» сайтида 1988 йилда туғилган Аршат Аяганов 2017 йилдан буён компаниянинг турли бўлимларида ишлаб келгани қайд этилган. У 2023 йил февраль ойидан буён бош директор ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

«Казспецэкспорт»нинг собиқ раҳбари Арман Рамазонов (унинг лавозимини вақтинча Аяганов эгаллаб турган) ўтган йил ноябрида ҳибсга олинган эди. Унга ҳарбий маҳсулотлар сотиб олиш вақтида бир миллиард тенге (2,2 миллион доллар) ўғирлаганлик айби қўйилган.

Тергов маълумотларига кўра, «Казспецэкспорт» раҳбари ва уларга қарашли юридик шахслар давлат мудофаа буюртмаси доирасида қўшни давлатлардан олиб келинган ҳарбий техникалар нархини ошириб кўрсатишган.

«Казспецэкспорт» раҳбари ҳибсга олинишидан бир кун олдин интернетда компания офисида тинтувлар ўтказилаётгани ва ҳужжатлар мусодара қилинаётгани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Рамазоновдан ташқари импорт департаменти директори Азат Қудабаев ҳам ҳибсга олингани хабар қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ