Собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева, шунингдек, Конституциявий кенгашнинг собиқ раиси Валентина Рогованинг турмуш ўртоғи ўзгалар бизнесини босқинчилик йўли билан эгаллаб олганликда айбланмоқда. Бу ҳақда қозоғистонлик тадбиркор Нурлан Бимурзин 28 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, 2003 йили биринчи президентнинг қизи ўз таъсиридан фойдаланиб, еттита нефть базаси ва 96 ёқилғи қуйиш шохобчасидан иборат бўлган 170 миллион долларлик (ўша пайтдаги ҳисоб-китобларга кўра) бизнесни эгаллаб олган.
Бу 2002 йили молия полицияси ходимлари ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги барча кассаларни муҳрлаб қўйганидан бошланган, шунинг учун Бимурзинлар оиласининг бизнеси ёпилиш арафасига келиб қолган.
«Ўшанда Алия Назарбоеванинг вакили келиб, 50 фоиз улуш эвазига бизнесни ҳимоя қилиши мумкинлигини айтди. Мен бу одамнинг исмини айтмайман, чунки у вафот этган. Орадан бир йил ўтиб Алия Назарбоева қолган улушга эгалик қилмоқчилигини айтди. Тўғрисини айтсам, биз тушунмадик», — дея Бимурзиннинг сўзларини келтиради ORDA.kz.
Орадан бироз вақт ўтгач, бизнес иштирокчиларидан бири ўғирлаб кетилган.
«Отамни 9 ёки 10 ноябрда ўғирлаб кетишди, унинг (Алияни) олдига олиб боришган, ўртада қаттиқ суҳбат бўлган. У: «Мен бутун маъмурий ресурсларимни оилангга қарши йўналтираман», деган. Отам бунга жавобан оиламга тегманг, улушимни сизга хатлаб бераман, деган. Алия саволни кўндаланг қўйган: сенинг иккита ўғлинг бор, оиланг ҳақида қайғурасанми ёки йўқми? Натижада, эртаси куни отам менга нотариусга боришимни айтди. Мен бориб, акциядорлик улушини топширишни расмийлаштирдим ва компаниядаги улушим учун 18 минг 125 тенге (жорий курс бўйича тахминан 40 доллар) олдим», — дейди тадбиркор.
Бимурзин ўз баёнотида Конституциявий кенгашнинг собиқ раиси Игорь Роговнинг турмуш ўртоғи Валентинани ҳам тилга олади, аёл гўёки мусодарага «ҳомийлик қилган». Игорь Рогов ҳозирда Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси лавозимини эгаллаб турибди (бу ҳақда Оқўрданинг 2023 йил 29 августдаги сайтида эслатиб ўтилган).
Жабрланувчи Бош прокуратурага Алия Назарбоева ва Валентина Роговага нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўраб ариза ёзган. Ҳозирда тадбиркорнинг сўзларига кўра, бу ариза ноқонуний йўл билан олинган активларни қайтариш қўмитасида. Ҳозирча бу борада Бош прокуратура расмий изоҳ бермаган.
Илгари биринчи президентнинг кенжа қизи Қозоғистонда чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлашни мувофиқлаштирган қайта ишлаш учун тўловларни йиғувчи «Оператор РОП» хусусий компаниясининг шов-шувли иши муносабати билан бир неча бор тилга олинган эди. 2022 йилнинг қонли январидан кейин компания миллийлаштирилган ва унинг раҳбариятига қарши жиноий иш очилган. Раҳбариятдагилар турли муддатга қамоқ жазоларини олганлар. Бир қатор оммавий ахборот воситаларига кўра, Алия Назарбоеванинг «Оператор РОП» билан боғлиқ компаниядаги фаолияти (Россиянинг РБК нашри манбаларга таяниб, биринчи муассис деб атаган) ноаниқлигича қолган.