Қозоғистон парламенти Мажилиси (қуйи палатаси) мамлакатда Американинг SpaceX компаниясининг StarLink сунъий йўлдош алоқа технологияларидан фойдаланишни қонунийлаштирадиган тузатишларни икки ўқишда қабул қилди. Мажлис жараёни парламент сайтида намойиш этилди.
Алоқа, рақамлаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича қабул қилинган тузатишлар энди Сенатга юборилади. Унда 2026 йилгача геостационар бўлмаган сунъий йўлдошлар (StarLink, OneWeb) ёрдамида алоқа технологияларини жорий этиш бўйича махсус регламент жорий этилади. Тажриба лойиҳасининг ҳуқуқий ва техник режими алоқа соҳасидаги ваколатли орган ва Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан белгиланади. Бу чекка қишлоқлардаги ижтимоий объектларни интернет билан таъминлаш имконини беради.
Мажлис депутати Екатерина Смишляеванинг таъкидлашича, қонун мақсадларидан бири — бундай хизматлардан фойдаланишнинг ҳуқуқий моделини яратишдир, чунки SpaceXдан ташқари ўз сунъий йўлдошлари билан шу каби хизматларни таклиф этувчи бошқа хорижий компаниялар ҳам мавжуд.
Starlink — бу Элон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан самода жойлаштирилган глобал сунъий йўлдош тизими бўлиб, унга махсус ускуналар орқали уланиш мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқиш 2015 йили бошланган. Унинг асосий мақсади фойдаланувчиларга ҳар қандай носоз жойларда юқори тезликдаги кенг полосали Интернетга киришни таъминлашдан иборат. Синов прототиплари 2018 йил февралида, 60 та прототипли сунъий йўлдошларнинг биринчи гуруҳи эса 2019 йил май ойида учирилган.
Ўтган йил кузида қозоғистонликлар мамлакатда SpaceX компаниясининг сунъий йўлдош интернетига эга Starlink абонент терминалларидан фойдаланиш ноқонуний экани ҳақида огоҳлантирилган эди. Жисмоний шахслар дастлаб огоҳлантирилади, такрорий қоидабузарлик учун эса 10 та минимал иш ҳақи (34,5 минг тенге ёки 75 доллар) миқдорида жаримага тортилади.