Олмаотада мактаб директори ўқувчилар ур-йиқитидан сўнг ишдан бўшатилди

qumash.kz видеосидан скриншот

Олмаотадаги 41-мактаб директори ўқувчиларнинг ур-йиқити акс этган видео интернетда тарқалгач, ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги шаҳар таълим бошқармасига таяниб хабар беради.

Фожиа акс этган видео бир нечта Телеграм каналларида тарқалган. Кадрларда ўнлаб болалар мактаб зинапоясида тирбанд бўлганини кўриш мумкин. Улардан баъзилари деворга тиралиб қолган, бошқалари полга йиқилиб тушган. Видеолардан бирида аёл (тахминан ўқитувчи) йиқилган ўқувчилардан бирини кўтармоқчи бўлади.

Таълим бошқармаси тушунтиришича, ҳодиса 27 февраль куни иккинчи сменадан сўнг биринчи қаватда жойлашган мактаб кийим алмаштириш хонасида содир бўлган. Ур-йиқит «ўқувчиларнинг кийимларини алмаштириш жараёни нотўғри ташкил этилгани» боис юзага келган. Мактаб маъмуриятининг маълум қилишича, жабрланганлар бўлмаган.

Илгари мактабда бундай ҳолат кузатилмаган, дея қўшимча қилади бошқарма. Воқеадан сўнг директор «ўқув жараёнини ташкил этиш устидан назорат заифлашгани» сабабли ўз лавозимидан озод этилган.

Ҳокимликка кўра, лойиҳа қуввати 870 ўринга мўлжалланган мазкур мактабда 1 минг 426 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олмоқда. Ўтган йили мазкур таълим муассасаси жойлашган Самгау-2 мавзесида яна 2 минг ўринли мактаб қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Қозоғистонда кўп йиллардан бери мактабларда ўқувчиларга жой етишмаслиги муаммоси долзарб бўлиб келган. Айрим мактаблар уч сменада ишлашга мажбур, синфлардаги ўқувчилар сони 36 нафарга етади. Ўтган йил кузида Остона ва Кўкшетау мактаблардаги ўқувчилар тўс-тўполонига оид видео пайдо бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ