Остонанинг «Барис» хоккей клуби КХЛ мусобақасидаги иштирокини якунлади. Мунтазам чемпионат якунларига кўра, жамоа Шарқий конференцияда сўнгги ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига чиқа олмади.
«Барис» турнирда 68 та ўйинда 50 очко тўплаган ва бу клуб учун антирекорд ҳисобланади. Натижада жамоа кетма-кет иккинчи йил Шарқий конференцияда сўнгги ўринни эгаллаган. Шунингдек, «Барис» 48 очко тўплаган Москва вилоятининг «Витязь» клубини ортда қолдириб, бутун лигада сўнгги ўринни эгалламоқда. Ўтган йили «Барис» 68 учрашувда 61 очко тўплашга муваффақ бўлганди. Остона клуби Шарқий конференцияда сўнгги ўринни эгаллаган, аммо очколар бўйича Ғарбий конференциянинг «Сочи» (32) ва «Куньлунь» (49) клубларидан ўзиб кетган.
«Барис» ўз тарихида тўртинчи марта Гагарин кубогининг плей-офф босқичига чиқа олмади.
Мутахассисларнинг фикрича, омадсизликка асосий сабаб — легионерларнинг жамоани тарк этиши, шунингдек, мавсумга яхши тайёргарлик кўрмаганликдир. Қолаверса, улар дарвозабон чизиғини кучайтира олишмаган, бу Эдди Паскуаленинг кучсиз ўйинига таъсир қилган. Мавсум энг яхши қозоқ ўйинчиларидан бири Никита Михайлис учун ҳам омадли келмаган, у НХЛга кета олмаган.
«Барис» ХК, шунингдек, унинг «Снежные барсы» ферм-клуби COVID-19 пандемияси ва Украинада Россия ҳукумати томонидан МҲО бошланганидан кейин Россия хоккей чемпионатларида қатнашаётган ягона Марказий Осиё клублари ҳисобланади. ВХЛда ўйнаган Қарағанданинг «Сариарка», Уст-Каменогорскнинг «Торпедо», Остонанинг «Номад» ва Тошкентнинг «Ҳумо» клублари, шунингдек, аввалроқ Ёшлар хоккей лигаси шарафини ҳимоя қилган Уст-Каменогорскнинг «Алтай» клублари 2020 йил COVID-19 пандемияси туфайли киритилган чекловлар туфайли мусобақадан четлаштирилгач, улар қайтмасликка қарор қилишган.