«Бунёдкор» бош директори клубнинг Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарзини тан олди

Ривалдо "Бунёдкор" сафида. championat.asia сайти фотосурати

«Бунёдкор» бош директори Мурод Алиев клубнинг бразилиялик легионерлар Ривалдо ва Денилсондан узоқ муддатдан бери қарздор эканини тан олди. Бу ҳақда Алиев мавсум бошланишига бағишланган матбуот анжуманида гапирди. Видео YouTubeдаги Championatasia каналида эълон қилинди.

Алиевнинг сўзларига кўра, қарз ҳақиқатан ҳам бор ва «Бунёдкор» адвокатлари футболчиларнинг адвокатлари билан тўлов миқдорини камайтириш ва муроса ечимини топиш бўйича мулоқот қилмоқда. Алиевнинг аниқлик киритишича, Ривалдо клуб билан эмас, жамоанинг ўша пайтдаги ҳомийси Zeromax билан шартнома имзолаган. Айнан шу компанияга Ривалдонинг ўзи 2011 йили даъволари билан мурожаат қилган. Ҳозир жамоага «Ўзбекнефтгаз» компанияси ҳомийлик қилмоқда.

Аввалроқ Tribuna.uz сайтида тақдим этилмаган маълум бир ҳужжатга таяниб, ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси «Бунёдкор» футбол клубини жамоанинг собиқ футболчилари олдидаги қарзини тўлашни буюргани ҳақида маълумот пайдо бўлганди: Ривалдога 8,16 миллион евро, Денилсонга 1,11 миллион евро.

Бундан ташқари, хабарда айтилишича, «Бунёдкор» ФИФАнинг низоларни ҳал қилиш бўйича Миллий палатасининг (NDRC) 2017 йил 21 сентябрдаги қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилган, бу қарор Спорт арбитраж суди (CAS) томонидан 2023 йил 6 ноябрь куни тасдиқланган.

Клуб маблағни 30 кун ичида тўлаши керак, акс ҳолда ФИФА тегишли чораларни кўради.

ℹ️ «Бунёдкор» ФК собиқ «Қурувчи» клуби бўлиб, 2005 йили ташкил топган. Жамоа номи 2008 йили унинг ҳомийси бўлган Zeromax томонидан ўзгартирилган. Ўшанда клубга юлдузлар таклиф этила бошланган. Хусусан, камерунлик Самуэл Это`Ога 25 миллион евролик таклиф юборилган, аммо у рад жавобини берган. Бироқ, бразилиялик Ривалдо рози бўлган ва унга йилига 5 миллион евро ваъда қилинган. Шунингдек, бразилиялик мураббий Зико ва яна бир қанча кўзга кўринган хорижлик футболчилар жамоага келиб қўшилган. Кейинчалик «Бунёдкор»ни Луиз Фелипе Сколари бошқарган. Денилсон жамоага 2010 йили келиб қўшилган. Ўша йили Zeromax ўзини банкрот деб эълон қилган ва клуб молиявий муаммоларга дуч кела бошлаган. Жамоани хорижлик футболчиларнинг аксарияти тарк этишган.

Халқаро давлат жиноятига қарши ташаббус (ISCI) маълумотларига кўра, Zeromax Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан назорат қилинган. Zeromaxнинг манфаатлари нефть ва пахтадан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва тоғ-кон саноатигача бўлган. Компания Швейцарияда жойлашган ва тугатилгунга қадар Ўзбекистондаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири бўлган. 2010 йили компаниянинг мулки давлат фойдасига мусодара қилинган, ҳисоб рақамлари эса музлатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ