Бухоронинг тарихий марказида барпо этиладиган сайёҳлик мажмуаси 470 миллион долларга баҳоланди

Бухородаги стадион бузилиши. "Новости футбола" Telegrаm-канали фотосурати

«Боқий Бухоро» этнографик сайёҳлик мажмуаси лойиҳаси 470 миллион долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» 2024 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарорида асосланиб хабар берди.

Марказ қурилиши 2024-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, пудратчи Сингапурнинг PTE Ltd компанияси ҳисобланади. Аввалроқ лойиҳа пудратчиси Самарқандда «Буюк ипак йўли» сайёҳлик марказини қурган Сингапурнинг Enter Engeneering PTE Ltd компанияси экани маълум қилинганди, деб ёзади «Газета.uz».

Сайёҳлик мажмуаси 800 хонали тўртта беш юлдузли меҳмонхона, кўп функцияли миллий маданият маркази, 20 минг ўринли янги марказий стадион, кафе, ресторанлар, автотураргоҳлар ва бошқа иншоотлардан иборат бўлади.

«Боқий Бухоро» учун ҳукумат томонидан Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонаси билан чегарада 32,6 гектар майдон ажратиш режалаштирилган. Таъкидлаш жоиз, 2023 йил январь ойида Ўзбекистон Маданий мерос агентлигининг Бухоро бошқармаси Kun.uz нашрига маълум қилишича, ажратилган ҳудуд бутунлай қадимий шаҳарнинг тарихий маркази қўриқланадиган зонада жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, Бухоронинг тарихий маркази ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

«Бухоронинг асл моҳияти унинг алоҳида биноларида эмас, балки Шайбонийлар сулоласи давридан бошланган шаҳарсозлик ва меъморчиликнинг юксак ва изчил даражасини кўрсатувчи умумий шаҳар ландшафтидадир. <…> Бухоро ўзида Марказий Осиёнинг ўрта асрларга хос шаҳар қиёфасини бугунги кунгача тўлиқ ва яхлит сақлаб қололган намунасидир»,дея таъкидлаган ЮНEСКО.

Бухоронинг тарихий маркази архитектурасига ҳар қандай аралашув ёдгорликларнинг яхлитлиги ва характерли элементларини кафолатлаш билан қатъий тартибга солинади. Режалаштирилган ўзгаришлар ЮНEСКО билан келишилган бўлиши керак.

❗️2022 йил 1 октабрь куни ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сара Ношади, собиқ Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов «Бокий Бухоро» учун ажратилган ер участкасини кўздан кечирган. Сара Ношади туристик марказ қурилишини Бухоронинг тарихий маркази қўриқланадиган зонасидан 1,8 км узоқликдаги ер участкасига кўчиришни таклиф қилган.

Маҳаллий аҳоли, шунингдек, машҳур блогерлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари «Боқий Бухоро»нинг танланган жойда қурилишига қарши чиқишганди. Натижада, вилоят ҳокимлиги лойиҳа учун бошқа ер участкаси танлаб, якуний қарорни фақат ЮНEСКО билан келишилган ҳолда чиқаришга ваъда берган. Бироқ, жорий йил январь ойида ҳокимлик лойиҳа дастлаб танланган жойда амалга оширилишини маълум қилди.

«Боқий Бухоро» мажмуаси қурилиши учун 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, Бухоро вилояти 2-сонли умумтаълим мактаби, Тиббиёт коллежи, Маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқалар биноларини бузиш режалаштирилган. Kun.uz хабарига кўра, мазкур муассаса ва ташкилотларнинг иши аллақачон бошқа жойга кўчирилган.

Февраль ойи бошида ЮНEСКО Ўзбекистон ҳукуматига «Боқий Бухоро» қурилишини бошлашга рухсат бермаганини маълум қилди ва расмийларга ушбу лойиҳани тарихий шаҳарнинг буфер зонасида амалга оширишдан бош тортишни тавсия қилган. Бордию, режани амалга ошириш қарори қабул қилинса, у ҳолда дарҳол ЮНEСКОга зарур техник ҳужжатларни тақдим этишни сўраган.

Бироқ, баҳсли ҳудудда ишлар аллақачон бошланган. Февраль ойи охирида ижтимоий тармоқларда «Бухоро Арена» стадионининг бузилиши акс этган видео пайдо бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ