Футбол бўйича Қозоғистон Суперкубоги илк бор хорижда ўтказилди

"Тобол" футболчилари. regtv.kz сайти фотосурати

Қўстанайнинг «Тобол» жамоаси Қозоғистон Суперкубоги учун ўтказилган баҳсда Чимкентнинг «Ордабаси» жамоасини пеналтилар сериясида мағлуб этди ва сўнгги тўрт йил ичида учинчи бор кубокни қўлга киритди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди.

Қозоғистон футболи тарихида илк бор Суперкубок ўйини республикадан ташқарида ўтказилди. Учрашув Туркиянинг Анталия шаҳридаги «Титаник Мардан» стадионида бўлиб ўтди.

Ўйинни Туркияда ўтказиш қарорига футбол ишқибозлари ва мутахассислари турлича муносабат билдиришди. Бир томондан, Қозоғистон футболига хориж клублари скаутларини жалб этиши керак эди. Ҳар икки жамоа Анталияда йиғин ўтказгани ҳам қулай бўлди. Ва, албатта, ажойиб об-ҳаво ва сифатли майсазор. Бошқа томондан, жамоалар мухлислари ўйинга келишолмади, стадионнинг бўш трибуналари телевизион кўрсатувга кўрк бағишламасди.

Учрашувда мамлакат чемпиони «Ордабаси» кубок соҳиби «Тобол»га қарши майдонга тушди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда ҳисоб очилди, «Ордабаси»нинг украиналик ярим ҳимоячиси Евгений Макаренко гол урди. «Тобол» 63-дақиқада сербиялик ҳимоячи Иван Миладиновичнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни тенглаштирди.

Учрашувнинг асосий вақти якунида пеналтилар серияси бўлиб ўтди ва унда «Тобол» футболчилари ғалабани қўлга киритишди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон чемпионатида 2024 йилги мавсум 1 март куни бошланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ