Ҳибсдаги қозоғистонлик журналист Думан Муҳаммедкарим шафқатсиз муносабатдан шикоят қилди

Думан Муҳаммедкарим. bureau.kz сайти фотосурати

«Тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш» ва «экстремизмни молиялаш»да айбланаётган қозоғистонлик журналист Думан Муҳаммедкарим суддан тергов изоляторига олиб кетилаётганда унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишганидан шикоят қилди. Бу ҳақда унинг адвокати Ғалим Нурпеисов Vlast.kz сайтига маълум қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, навбатдаги учрашувдан сўнг, Муҳаммедкаримни «қўлини қайириб, судраб, иситилмайдиган автозакка ташлашган».

«Улар уни ўриндиққа боғлаб қўйишган, машинанинг люки очиқ ҳолда Конаевдан Толдиқўрғонга олиб кетишган. Биринчидан, совуқ, иккинчидан, шамол уриб турган. Ўриндиқда мих бўлган ва бу тартибсизликка қандайдир тарзда эътиборни қаратиш учун у қўлини кесишга уринган», — дейди Нурпеисов.

Қайд этилишича, Муҳаммедкарим Толдиқўрғонга етиб келгач, касалхонага ётқизилган, қўлини боғлашган ва инфекцияларга қарши зарур укол қилишган.

Журналистнинг шафқатсиз муносабатга учраганига доир баёноти асосида тергов бошланган ва ушбу тергов сабаб, ишни кўриб чиқиш 29 февралга қадар тўхтатилган», — дейилади хабарда.

YouTube'даги ND («Не Дейди») канали муаллифи Думан Муҳаммедкарим 2023 йил 22 июнда Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 405-модда, 2-қисми «Тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш» ва 258-модда. 1-қисми «Экстремизмни молиялаштириш» бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Унинг ҳимоясига кўра, айбловга қочоқ банкир Мухтор Аблязов билан интервью сабаб бўлган, деб ёзади RespublikaKZ. Аблязов Қозоғистонда экстремистик деб тан олинган «Қозоғистон демократик танлови» (ҚДТ) мухолифат ҳаракати раҳбари ҳисобланади.

2024 йил январь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналист адвокати Ғалим Нурпеисовнинг айтишича, тергов Муҳаммадкеримнинг видео остида «сиёсий айбловлар билан» айбланаётганларни юридик ҳимоясига пул жўнатиш учун банк ҳисоб рақамини эълон қилганини «экстремистик фаолиятни молиялаштириш» деб баҳолаган.

Журналист устидан суд жараёни 12 февраль куни бошланган. У Конаев шаҳрида (Олмаота вилоятининг маъмурий маркази) бўлиб ўтмоқда. Биринчи суд мажлисида прокурор Сакен Кенесов «хавфсизлик масалалари» туфайли суд жараёнини ёпиқ эшиклар ортида ўтказишни сўраган. Судя унинг илтимосини қаноатлантирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ