Туркманистон Мудофаа вазири хизмат уйларини хусусийлаштиришни бекор қилди

Бегенч Гундогдиев. wikimedia.org сайти фотосурати

Туркманистон Мудофаа вазири Бегенч Гундогдиев ўз буйруғи билан хизмат стажига эга, шунингдек, нафақага чиққан ёки меҳнат қобилиятини йўқотган офицерларга уй-жой мулки берилишини бекор қилди. Бу ҳақда Turkmen.news мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидан биридаги манбасига таяниб хабар берди.

Вазир томонидан 18 февраль куни имзоланган буйруқ билан Мудофаа вазирлиги уй-жой фонди тўғрисидаги низомнинг 5-банди бекор қилинади. Ушбу бандга кўра, 10 йилдан ортиқ стаж билан нафақага чиққан офицерлар хизмат уйларини хусусий уйларга айлантириши мумкин эди. «Ҳарбий хизматчиларнинг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасидаги худди шунга ўхшаш қоида ҳали ўзгартирилмаган.

«Афтидан, энди ҳарбий оилалар энг кўпи билан офицерлар хизматни тарк этмагунча ёки вафот этгунча хизмат квартираларида яшаб туришлари мумкин. Шундан сўнг, улардан хизмат уйларини бўшатиб қўйиш талаб қилинади, яьни улар деярли кўчага ҳайдалади. Ва бу қуруқ расмиятчилик эмас: ҳеч кимга узоқ вақт давомида одатдаги жойида яшашга рухсат берилмайди. Turkmen.news манбаларига кўра, хизмат квартирасидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган оилаларга уйни бўшатиб қўйишлари учун саноқли кун муддат берилади», — деб ёзади нашр.

Нашрга кўра, туркман зобитларининг маоши 3-4 минг манат (150-200 доллар) бўлиб, бу мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан юқори. Аммо бу хизмат оғирлигини қопламайди. Офицерлар олти кунлик иш ҳафтасига эга ва 10-12 соатлаб навбатчилик қилишади. Ҳатто якшанба куни ҳам офицерлар тушгача ишда бўлишлари керак, масалан, спорт билан шуғулланиш учун. Бироқ, уларга қўшимча меҳнат учун ҳақ тўланмайди.

«Вазият пасткашликка ҳам олиб келиши мумкин. Масалан, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига йиллик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида моддий ёрдам олиш ҳуқуқи берилади. Аммо кўпинча ҳарбий қисмларнинг раҳбарияти бу пулни тўламаслик учун ишдан бўшатиш тўғрисида ҳужжатларни ўтмиш санаси билан расмийлаштиради. Буларнинг барчаси Ашхободдаги амалдорларнинг хабардорлиги билан амалга оширилмоқда», — дея таъкидлайди Turkmen.news.

Нашрнинг ёзишича, зобитлар оммавий равишда ишдан кета бошлашган. Уларнинг аксарияти кейинчалик чет элга чиқиб кетиш имкониятини қидиришади.

ℹ️ Бегенч Гундогдиев 2018 йилдан буён Туркманистон мудофаа вазири лавозимида ишлаб келади, 2022 йили республика Хавфсизлик кенгаши котиби этиб тайинланган. Шунингдек, у Фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш комиссиясига ҳам раҳбарлик қилади.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди