Европа Иттифоқи Россияга қарши янги, 13-санкция пакети бўйича келишиб олди, бу санкциялар биринчи марта Москванинг «ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда» айбланаётган Хитой ва Ҳиндистон компанияларига қаратилган, деб ёзади The Financial Times.
Нашр ўрганиб чиққан ҳужжатларга кўра, санкциялар материк Хитойнинг учта ва Ҳиндистоннинг битта компаниясига таъсир қилади. Бундан ташқари, улар Шри-Ланка, Туркия, Таиланд, Сербия ва Қозоғистон компанияларига қарши йўналтирилади.
Мақолада айтилишича, савдо чекловларини жорий этиш «ушбу компанияларнинг Россияга қурол-яроғ, жумладан, электроника ва микрочиплар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ускуналарни етказиб беришда ёрдами аниқлангандан кейин» режалаштирилган.
Қайси компаниялар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган. Нашрга кўра, чекловлар 200 га яқин жисмоний ва юридик шахсларни қамраб олган. ЕИ расмийлари ўтган ҳафта россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний*нинг қамоқда ўлганига жавобан қўшимча санкциялар босқичини ҳам муҳокама қилмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, бир кун олдин ЕИ элчилари эришган келишув 24 февраль куни Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганининг икки йиллиги арафасида санкциялар пакетини расман тасдиқлаш имконини беради.
Ўтган йил кузида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германияга ташрифи чоғида Остона Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар режимига амал қилаётганини айтган эди. Жорий йилнинг январь ойида республика Савдо ва интеграция вазири Арман Шаққалиев сўнгги олти ой давомида Қозоғистонда санкция режимини бузадиган биронта ҳам компания аниқланмаганига ишонтирганди.
* Терроризм ва экстремизмга алоқадор шахслар реестрга киритилган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).