2023 йили 38 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси рекрутинг агентликлари орқали уюштирилган тартибда хорижга ишлаш учун кетган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи ўринбосари Хўжаакбар Файзуллахўжаев маълум қилди, деб ёзади Uza.uz.
Расмийга кўра, сўнгги беш йил ичида шу йўл билан хорижга чиқиб кетган Ўзбекистон фуқаролари сони ўн баробардан зиёд кўпайган.
«2018 йилда хорижий давлатларга 3 минг 500 дан ортиқ фуқароларимиз ташкиллаштирилган ҳолда юборилган бўлса, 2023 йилда 38 мингдан зиёд юртдошларимиз хорижий давлатларга манзилли ишларга жалб қилинди», — деди Файзуллахўжаев.
У Ўзбекистон ишчи кучига Жанубий Корея, Буюк Британия, Япония, Германия, Литва, Туркия каби мамлакатларда талаб катта эканини таъкидлади. Россия ўзбек меҳнат муҳожирлари учун энг машҳур йўналиш бўлиб қолмоқда.
«Бугунги кунда Россияда бир миллион атрофида Ўзбекистон фуқаролари вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Албатта, мигрантларимиз сони мавсумга кўра ўзгариб туради», — дейди мулозим.
Файзуллахўжаевнинг таъкидлашича, яқинда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва консуллик идоралари вакиллари томонидан 1448 та хорижий корхонада меҳнат қилаётган 169,8 мингдан ортиқ меҳнат муҳожирлари фаолияти текширилган.
«2023 йил давомида жами 227 мингдан ортиқ фуқарога хизматлар кўрсатилган. Шундан 197 мингдан ортиғига ахборот ва маслаҳат хизмати, 13 мингга яқинига ҳуқуқий, 13 мингдан ортиғига ижтимоий, 3 мингга яқинига моддий кўмак кўрсатилган», — деди Файзуллахўжаев.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йили 35 миллионлик Ўзбекистон иқтисодий фаол аҳолисининг 20 фоизи хорижда меҳнат қилган, бу қарийб 2,5 миллион кишини ташкил этади. Россияда меҳнат қилаётган хорижликлар сони бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда туради. Қозоғистон, Жанубий Корея ва БААда ишлаш Ўзбекистон фуқаролари орасида оммабоп ҳисобланади.